Асрларни қаритган сарв

12:45 18 Февраль 2025 Жамият
431 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Жиззах вилоятида ноёб дарахтлар кўплаб топилади. Ҳар бири давлат ҳимоясига олинган. Айтайлик, Форишдаги Можрум қишлоғидаги тоғлар ёнбағрида бир туп сарв кўкка бўй чўзган. Бу қадимий сарв ҳақида халқ орасида турли ривоятлар бор. Балки бу дарахтни шу ерда яшовчи аҳоли эккандир. Қизиғи, ҳар йили янги новдалар чиқаради. Қушлар, жонзотлар ёз жазирамасидан, қиш изғиринидан шохлари орасида жон сақлайди.

Мустақиллик йилларида халқаро ташкилотлар томонидан ватанимиз тарихи ва табиатини ўрганишга қизиқиш ортди. Ўшанда БМТ «ПроНуратау» лойиҳасини ишлаб чиқиб, «Нурота» қўриқхонасида сақланаётган эндемик олқорларни асраб қолиш бўйича илмий-амалий тадбирларни ишлаб чиққанди. Лойиҳа ижросига бир миллион АҚШ доллари ажратилган. Ўша маблағ фақат хўжакўрсинга ўтказилган конференцияларга сарфлаб юборилгани жиддий танқидларга сабаб бўлганди.

Аммо дастлабки изланишларда шу арчанинг ёши аниқлангани мазкур лойиҳанинг энг катта ютуқларидан бири бўлган. Бунинг учун Германиядан бир гуруҳ мутахассислар чақирилиб, улар олдига сарв тарихини аниқлаш вазифаси қўйилган. Немис олимлари Можрум қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашган. Арча тарихи ҳақидаги афсоналар билан қизиққан. Можрумликлар қизиқарли афсоналарни сўзлаб беришган. Шулардан бири аргеадлар сулоласидан чиққан македониялик подшоҳ Искандар Зулқарнайн Ўрта Осиёга бостириб кирганда, бу ҳудудда яшаётган аҳоли қаттиқ қаршилик кўрсатади. Жанглардан бирида подшоҳнинг олиймақом саркардаларидан бири ҳалок бўлади. Македонияда жорий этилган тартиб бўйича зодагон саркардалар ҳалок бўлса, жасади ватанидаги ибодатхонага дафн қилиниши лозим топилган. Жанг сустлашиб қолмаслиги учун «шохли» Искандар саркардани вақтинча тоғлар пойига дафн қилиб, атрофига арчалар экиб қўйишни буюради. У саркарда жасадини тўлиқ ғалабага эришгандан кейин Юнонистонга олиб кетишни ният қилган. Можрумликларнинг айтишича, Нурота бағридаги сарв қабр ёнига экилган арчалардан бири экан. Немис олимлари сарв 1500 ёшдан ҳам улуғ деган хулосага келишган. Шундан сўнг сарв дарахти БМТ муҳофазасига олинди. Энг қадимий дарахт сифатида «Биота» деб номланди.

Илгари бу ер катта арчазор бўлган. Инсон қадами етган жойнинг табиати, ландшафти албатта, ўзгаради. Афсуски, тоғ ёнбағридаги арчазорлар қурилишда фойдаланилди. Ўтин учун кесиб ташланди. Асрларни қаритган якка сарв можрумликлар сўзлаб берган афсона туфайли омон қолган бўлса, не ажаб! Эҳтимол, қабрда экилгани учун арчани кесиб ташлашга ҳеч кимнинг қўли бормагандир. Кейинчалик қишлоқ аҳли масжид қуриб, бу ерга ибодатга келган. Масжид томи ҳам арча тўсинлари билан ёпилган.

Бугунги кунда қадим сарвни минглаб хорижлик сайёҳлар келиб кўрмоқда. Бу табиат мўъжизасини муқаддас дарахт сифатида зиёрат қилмоқда. Табиат ихлосмандларига қулайлик яратиш учун тоғ бағрида меҳмонхоналар қурилган. Дарахт танасининг диаметри тахминан 24 метр, марказий шохларининг айланаси 12 метр, ҳар тарафга тарвақайлаган пастки шохлари вазнининг оғирлиги туфайли ер устида ётади. Сарв дарахти танаси ковакларига 4-5 нафар одам бемалол сиғади. Ёши улуғ инсонларнинг айтишича, ушбу сарв дарахтининг коваги бундан 50-60 йил аввал болаларга сабоқ берадиган, яъни синфхона бўлган. Бу азим дарахтнинг игна барглари яшил, ҳаворанг пўстлоғи қалин. Сарв ёнига илк марта борган инсон ўзини бардам сезади.

Юртдошларимизнинг аксарияти Туркия, БАА ва Европа давлатларига саёҳат қилишни орзу қилади. Лекин ўз юртимизда ҳам табиат томонидан яратилган мўъжизалар кўп. Биргина сарвни бориб кўрсангиз, кўнглингиз кўтарилишига ишонамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер