Аскарлари нафақат бақувват, балки...
Ўзбекистонлик курсантлар яна халқаро олимпиадада совриндор бўлишди.
Аввалроқ хабар берганимиздек 2-6 апрель кунлари Қозоғистонда МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирликларининг курсантлари ўртасида математика йўналиши бўйича Халқаро олимпиада баҳслари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари учинчи ўринни қўлга киритишди.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг катта ўқитувчиси Раъно Юсупова бошчилигида курсантлар Шаҳзодбек Рустамов, Бобур Абдурашидов, Жаббор Муҳаммадиев ва Сарвар Норалиев Халқаро олимпиаданинг иккинчи йўналиши — математика бўйича Арманистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон мамлакатларининг ҳарбий математиклари билан ўзаро беллашди.
Баҳслар якунига кўра, биринчи ўрин Россия Федерацияси Ҳарбий университети вакилларига насиб этди. Иккинчи поғонани эса қозоғистонлик ҳарбийлар эгаллади.
Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати томонидан маълум қилишларича, курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (информатика бўйича) 16 — 20 апрель кунлари Қозоғистонда бўлиб ўтади. Унда Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети курсантлари иштирок этади.
Жорий йилнинг 26 — 30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳрида курсантлар ўртасида чет тили йўналишида ўтказилган Халқаро олимпиадада ўзбекистонлик курсантлар учинчи ўринни қўлга киритишган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг