Аскарлар ҳарбий қасамёд қабул қилишди
Фото: “Халқ сўзи”
Ватан ҳимоясидек муқаддас хизматни ўташ ҳар бир йигит учун шараф. Аслида йигитликнинг кўксингни ғурурга тўлдирадиган дамлари ҳам шу – ҳарбий хизматга чақирилиш.
Республикамиз Қуролли Кучлари Марказий ҳарбий округининг Навоий ҳарбий гарнизонида шундай аскарлардан бир гуруҳи учун ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда округ қўмондонлиги вакиллари, аскар йигитларнинг ота-оналари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Йигитлик онтини ичаётган аскарларни ҳаётидаги унутилмас лаҳзалар билан қутлар экан вилоят ҳокими, Ватан учун хизмат қилиш – шараф, юрт осойишталигини асраш – бурч, сарҳадлар дахлсизлиги учун фидойилик – мардлик намунаси эканлигини таъкидлаб, Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш, улар учун жисмоний чиниқиш, маҳоратини ошириш ва иродасини бақувват қилишга хизмат қилувчи ҳаёт мактабига айланганлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар мамлакатимиз Олий Бош Қўмондони раҳнамолигида ўтган йиллар мобайнида миллий армиямизни модернизациялаш ва ислоҳ қилиш, энг замонавий қурол – яроғ, ҳарбий техника турлари билан қуроллантириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини уй – жой билан таъминлаш, моддий, ижтимоий – маиший шароитларини яхшилаш борасида улкан ишларнинг амалга оширилганлиги, муддатли ҳарбий бурчини шараф билан ўтаган аскарларга бир қатор имтиёзлар берилиши ёшларимизнинг келажакдан муносиб ўрин топишига хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.
— Фарзандимнинг ҳарбий қасамёд қабул қилаётганлиги мени ниҳоятда тўлқинлантирди, — дейди ота-оналардан бири Ризоқул Тошонов. – Минг қатла шукур, мана юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Буларнинг барчаси мамлакатимиз Президентининг оқилона сиёсати самараси, деб биламан. Муҳтарам Юртбошимиз яқинда БМТ саммитида ҳам минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида бир қатор таклифларни илгари суриб, уларнинг ҳамжамият томонидан хайрхоҳлик билан қабул қилинганлиги кўнглимизни тоғдек кўтарди.
Тадбирда, шунингдек ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш иштиёқини янада кучайтиришда ота-оналар ва маҳалланинг ўрни юксак эканлиги таъкидланди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг