Аскар оналари шарафланди
Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч. Мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини камолга етказган аскарлар оналари эса ҳар доим шарафу эъзозга муносибдир.
Мамлакатимиз бўйлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб, “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири муддатли ҳарбий хизматни Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмларда ўтаётган қорақалпоғистонлик йигитларнинг оналарини шарафлашга бағишланди. Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасидаги студияда иштирок этган Ватан ҳимоячиларининг оналари Самарқандда хизмат қилаётган фарзандлари билан видеоконференсалоқа тизими орқали реал вақт мезонида дийдор кўришиб, самимий суҳбат қуришди.

“Аскар оналарини шарафлаймиз!” деб номланган тадбирда бир неча ойдан бери армияда юриб, қадди-қомати келишиб қолган мағрур аскар ўғлонлари билан фахрланган оналарнинг дил сўзлари, ҳарбийликда юриб, кўп нарсанинг қадрини англаб етган йигитларнинг миннатдорлиги учрашувга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар оналари билан суҳбатда ҳарбий қисмда яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлаб, хизматда эришган ютуқларини санаб ўтишди. Фарзандлари муваффақиятидан ғурурланган оналар командирларга ўзларининг чексиз миннатдорлигини билдирдилар.
Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг