Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик ва ҳамжиҳатликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади
Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 28 ноябрь куни Женева шаҳрида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни кенгайтиришнинг истиқболлари муҳокама қилинган.
Бугунги кунда икки давлат Президентларининг раҳбарлиги остида ва шахсан иштироки натижасида кўп қиррали ва ўсувчан аҳамият касб этиб бораётган Ўзбекистон – Афғонистон мулоқотининг изчил ривожланаётгани эътироф этилди, дейилади хабарда.
Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик ва ҳамжиҳатликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ҳамда мамлакатдаги йирик инфраструктура ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишдаги қўллаб-қувватлаш ва иштирок учун миннатдорчилик изҳор этди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг