Асарларида одамийлик ва илмга муҳаббатни тараннум этди
Архив сурат
27 декабрь — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик таваллуд топган кун
Атоқли ёзувчи Тоҳир Малик адабиётга илмий-фантастик жанрдаги ҳикоялари, хусусан, “Ҳикмат афандининг ўлими”, “Қора фаришта”, “Фалак” каби асарлари билан кириб келган. У гулдурос солиб, чақмоқ чақиб эмас, балки хотиржам, камтарлик, вазминлик, ўзига хос мулойимлик билан миллий адабиётимиздан жой эгаллади. 1970 йилда Москвада бўлиб ўтган Бутуниттифоқ ёш фантаст ижодкорлар слётида юқоридаги асарлари жуда ижобий баҳоланган. Кейинчалик у турли жанрларда ижод қилди ва ўзига яраша мухлисларининг ҳурматига сазовор бўлди.
Ёзувчининг “Савоҳил”, “Заҳарли ғубор”, “Чорраҳада қолган одамлар”, “Бир кўча бир кеча” ва “Чархпалак” каби асарлари тезда ўқувчилар эътиборига тушди. Айниқса, атоқли ўзбек педагоги ва маърифатпарвари Абдулла Авлонийнинг дипломатик миссиясига бағишланган “Савоҳил” асари севиб ўқилди. Жадид бобокалонимиз собиқ шўроларнинг Афғонистондаги биринчи элчиси бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тоҳир Малик ўша шўролар даврида ҳам миллийлик ва миллатпарварликни мадҳ этувчи асарлар яратган.
“Чорраҳада қолган одамлар”да адиб миллий зулмга қарши қуролли қўзғолон қатнашчиларини бор ҳис-туйғулари билан рўй-рост кўрсатган. Собиқ шўро жамиятида мавжуд ёндашув-стереотипларга зид нуқтайи назар билан қараш ўша давр ўзбек миллий адабиётида ўзига хос инқилоб эди. Асардаги қаҳрамон Холиқберди тўра қўрбошининг етимхона мудирига икки халта пул бериб, айтган сўзлари, айниқса, китобхонга ўзгача таъсир қилади:
“— Буларни зориқтирманг, — деди қатъий оҳангда. Сўнг болаларга юзланди. — Сизлар яхши ўқинглар. Ўқишдан бошқа ҳеч нарсани ўйламанглар. Замон ҳам тинчиб кетади. Келажакда юртга ўзларинг ҳокимлик қиласизлар. Ўқимас экансизлар, сизлардан эл ҳам рози бўлмайди...”
Мазкур сўзларни узоқни кўра оладиган, теран фикрлайдиган, миллат келажаги учун қайғурадиган одам гапириши мумкин. Бу сатрларни адиб 70-80 йилларда ёзяпти. Бундай фикр юритиш учун ажойиб адиб Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда “қўрқинч бир жасорат” керак эди. “Босмачилик” деб тамға қўйилган миллий озодлик ҳаракатининг йирик вакилининг бу сўзлари мустабид тузум даврида бамисоли исён эди. Чунки бизга қўрбошиларни калтабин, худбин ва миллат истиқболи учун бефарқ одамлар деб таърифлашган.
Бундай ёндашувлар адибнинг кўпгина асарларида учрайди. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёзилган “Сўнгги ўқ” асари ҳам мана шундай руҳда ёзилган. Асар қаҳрамони Жаҳонгир ҳалол, меҳнаткаш, соддадил ва художўй деҳқон. У ўз меҳнати эвазига кун кўради, бошқа ишларга аралашмайди. Мустабид тузум даврида у уч маротаба 1922, 1938 ва 1947 йилларда ноҳақ қамалади. Қалби пок инсон бўлган Жаҳонгир бу синовларга ҳам сабр-тоқат билан бардош беради. Отаси Муҳаммадризонинг “Бир товоқ ёвғон билан одамнинг қорни тўяди. Хорижга борсанг ҳам бир товоққа тўясан. Икки товоқ еёлмайсан, бўкиб ўласан”, деган сўзларини ҳамиша ёдида сақлайди. Ваҳоланки, иймони суст, иродаси заиф одам фақат ўзини ўйлайди ва номақбул ишларни қилади. Мана шу Жаҳонгир образида кейинги асарларидаги қаҳрамонларни таниймиз. Улар “Мурдалар гапирмайдилар”даги Нуриддин, ўзбек китобхонларининг бестселлерига айланган “Шайтанат” қиссасидаги ҳақиқатпарвар Жалил, “Умидлар дашти” асаридаги Ғайрат. Бироқ Тоҳир Малик ҳаётидаги энг сара асарларини эллик ёшдан ошганида ёзди. Бу, албатта, адиб ижодининг гултожиси бўлган “Одамийлик мулки” асаридир. Ушбу асарни ёзиш учун адиб бир неча ўн йиллар тайёргарлик кўрган. Китобни ёзиш учун 77 та умумий дафтарда қоралама нусхаси ва материаллар тўплаган. Бундай мавзуда асар ёзишга ёзувчининг тоғаси адиб Мирзакалон Исмоилийнинг “Одамийлик қиссаси” номли китоби сабаб бўлган. Шуни эътироф этиш лозимки, адибнинг тоғаси “Фарғона тонг отгунча” романининг иккинчи китоби нашрдан чиққанда, асарга шундай дастхат ёзган экан: “Қаламим меросхўри жияним Тоҳирга”. Дарҳақиқат, Мирзакалон Исмоилий давр тақозоси билан айтолмаган гапларни Тоҳир Малик чин меросхўр сифатида маромига етказиб айтди.
“Одамийлик мулки” китоби миллий маънавият ва миллий тарбия масалаларига бағишланиб, миллионлаб китобхонларнинг қалбини забт этди, десак, асло муболаға эмас. Шу қадар шуҳрат қозондики, китобхонлар яқин кишисига совғага шу китобни харид қилишган ва қилишмоқда. Асар ҳаммабоп бўлиб, аксарият юртдошларимизнинг иш столларида ва китоб жавонларидан ўрин олди.
Бундай шуҳратнинг сабаби муаллиф ҳам диний, ҳам дунёвий илмга бой инсон эди. Китобда ўзбек китобхонлари анча вақтгача соғинган мавзу — комил инсон тарбияси мавзусини кўришди. Муқаддас Қуръони каримдаги оятлар ва суралар халқимизга тушунарли ва содда тильда берилиши ҳамда муборак ҳадиси шарифдан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳаётлари билан боғлиқ ривоятлар асарни шундай жозибали бўлишига сабаб бўлган. Ёзувчи ушбу йўналишда самарали меҳнат қилди. “Ҳаловат”, “Муножот”, “Келинлар дафтарига”, “Куёв бола сизга айтар сўзим бор”, “Умидимиз юлдузлари (Одамийлик мулкига доир)”, “Қуёшингиз ботмасин” асарлари шулар жумласидандир. Одоб-ахлоққа доир бу китоблар юртдошларимиз орасида кенг шуҳрат ёйди. Ёшлар тарбиясига доир “Жиноятнинг узун йўли”, “Алвидо, болалик”, “Талваса” ва “Энг кичик жиноят” каби асарларида ҳам адиб фарзанд тарбияси учун масъулиятни фақат мактаб ва жамоатчиликка юкламасдан, биринчи навбатда ота-онанинг елкасидаги энг муҳим фарзлардан бири эканини таъкидлаган.
Адиб кейинги йилларда юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшди. Айниқса, аҳолини китобхонликка жалб қилиш бўйича жонбозлик кўрсатди. Тоҳир Малик, айниқса, ёшлар билан учрашувларни яхши кўрарди. У ҳамиша навқирон авлод билан мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганарди. Асарларида инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиб, ёшларни Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаб, она юртимизда ҳукм сураётган барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашга, мустақил Ватанимизни кўз қорачиғидек сақлашга чақирар эди.
Ҳукуматимиз Тоҳир Маликнинг меҳнатларини муносиб тақдирлаган: 1999 йилда адибга “Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси” фахрий унвони берилди, 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлади. Афсуски, энди орамизда ажойиб ва фидойи инсон, буюк ёзувчи, драматург, публицист ҳамда киноссенарист йўқ, лекин адибнинг ёрқин хотираси мухлислари ва шогирдлари қалбида абадий яшайди.
Тўлқин САЙДАЛИЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент, истеъфодаги подполковник.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг