Асал қўшиб чой бераман келсангиз...
Фото: “Халқ сўзи”
Бугун Наманганда яна бир шодиёна бошланди. Баҳорнинг сўнгги, ёзнинг биринчи ойида ўтказилган халқаро гуллар фестивалида миллионлаб меҳмонларни кузатган шаҳар энди навбатдаги нуфузли анжуманга мезбонлик қилмоқда. Эрта тонгда “Афсоналар водийси” тематик паркида иккинчи бор ташкил этилаётган халқаро асал фестивалига старт берилди. Маданият ва истироҳат боғига 200 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий асал етиштирувчи тадбиркорлар жамланган. Хусусан, ҳамюртларимиздан ташқари қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда МДҲнинг бошқа давлатларидан келган соҳа вакиллари ўз маҳсулотларини кўргазмага қўйишган.

Асаларичиликни йирик миқёсда байрам қилиш учун айнан Наманганнинг танлангани бежиз эмас. Бу ерда шифобахш неъматни етиштириш, қайта ишлаш ва истеъмол бозорига чиқариш борасида бой тажриба тўпланган. Мамлакатимиз бўйича экспортга чиқариладиган асалари пакетларининг 70 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Вилоятда асалари маҳсулотлари ишлаб чиқариш йилдан-йилга ортиб бораётир. Масалан, ўтган йили 4832 тонна асал етиштирилган бўлса, жорий йил якуни билан 5617 тонна бол йиғиб олиниши кутилмоқда.

— Ватанимиз географик жойлашув жиҳатидан асаларичилик соҳасини ривожлантиришнинг қулай иқлим ва шарт-шароитларга эга, —дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. — Юртимизда парвариш қилинаётган асалари оилалари бир йилнинг ўзида икки баҳорни қарши олади, яъни февраль ойида республикамизнинг жанубий ҳудудларида асалариларнинг уйғониш даври ўтса, апрелга келиб асалари оилалари водий вилоятларига кўчириб келинади. Учинчи баҳорни эса Россия Федерацияси, Қозоғистон ҳудудларида қарши олади. Мазкур схема асосида ҳар бир асалари оиласидан йилига 100 килограммгача маҳсулот олиш мумкин. Маҳаллий асаларичилар жойларда навбатма-навбат келадиган уч баҳор имкониятларидан фойдаланиб, соҳани жадал ривожлантирмоқдалар.
Ўтган йилнинг худди шу даврида гуллар шаҳрида ўтказилган биринчи фестивалда республикамиз вилоятлари ва яқин хориждан келган асаларичилар ўз маҳсулотларини намойиш қилиш билан бирга соҳанинг долзарб масалаларини биргаликда муҳокама қилган, тажриба алмашилиб, ўзаро манфаатли шартномалар имзоланган эди. Орадаги ичида асалари пакетлари ва асал етказиб бериш, ишлаб чиқариш материалларини ўзаро айирбошлаш бўйича келишувлар ўз ижросини топди.
— Биз етиштираётган асал ўзига хос жиҳати билан ажралиб туради, —дейди Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Аксу туманидан келган Умидбек Пўлатов. — Асалариларни асосан кийик ўти ва беда гуллари билан озиқлантирганимиз учун олаётган болимизнинг таъми бошқача, шифобахшлик даражаси юқори. Бултурги фестивалда “Энг яхши асал ва асаларичилик анжомлари” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллаган эдик. Бугун 26 турдаги маҳсулотни кўргазмага қўйдик.
Катта майдондаги байрам кўргазмасида маҳаллий асаларичилар намойишга қўйган маҳсулотлар турининг кўплиги, таъми билан эътиборни тортади. Меҳмонлар улар билан танишиш жараёнида хушбўй неъматдан тотиб кўриб, ўз баҳоларини беришлари мумкин. Кўпчилик оғзига ёққан болни оиласи учун харид қилмоқда.

Ташкилотчиларнинг айтишига қараганда, уч кун давом этадиган фестивалга ҳамюртларимиздан ташқари беш мингга яқин хорижий сайёҳлар ҳам келиши кутилмоқда. Барча даражадаги томошабинларнинг ташрифи мазмунли ўтиши учун ранг-баранг тадбирларга бой байрам мундарижаси ишлаб чиқилган. Биринчи куннинг ўзида кўргазмалардан ташқари “Ўзбек палови маданияти” ошпазлар чемпионати ташкил этилади. “Ўзбекистонда асаларичиликнинг ҳозирги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги семинарга маҳаллий асаларичилар билан бирга хорижий экспертларни ҳам қамраб олиш кўзда тутилган.
В2В форматидаги бизнес учрашувларда ўзаро тажриба алмашилиб, истиқболли келишувлар имзоланади. Маданий кўнгилочар дастурлар тўпламидан эса миллий либослар кўргазмаси, оммавий ўйинлар, аския кечаси, таниқли хонанда ва эстрада ижрочиларининг чиқишлари ўрин олган. Якунда фестивалнинг фаол иштирокчиларига бир қатор номинациялар бўйича мукофот ва совринлар топширилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг