Асака туманида 25 йиллик сув муаммосига чек қўйилди

10:16 11 Декабрь 2025 Жамият
329 0

Асака туманида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, турмуш учун зарур энг асосий неъмат — «обиҳаёт»ни барқарор етказиб бериш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Арғин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 8,1 километр масофага янги сув қувурлари тортилиб, замонавий сув қудуғи ва минораси ўрнатилди. Лойиҳа ишлари тўлиқ якунланиб, аҳолига гидротехник хавфсиз ва узлуксиз хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

— Қарийб 25 йил давомида ушбу ҳудудда ичимлик суви таъминоти аҳоли учун энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолган эди, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ бош муҳандиси Ҳумоюн Алимов. — Кўпчилик ҳар куни уйига сув ташиб келиб, кундалик эҳтиёжларини шунча машаққат билан қондириб келарди. Бугун амалга оширилган лойиҳа туфайли бу муаммолар бутунлай бартараф этилди.

Арғин маҳалласида 16 та кўча, 628 та хонадон мавжуд бўлиб, 1232 нафар аҳоли истиқомат қилади. Янгиланган сув тармоғи туфайли уларнинг турмуш тарзи тубдан ўзгарди, ҳаёт сифати сезиларли даражада яхшиланди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер