“Artel” маҳсулотлари сифатига кафолат борми? Уларга хорижликлардан ҳам эътироз бор
Бугун бозорларимизни миллий маҳсулотлар билан тўлдириш, ўзимизда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Шу аснода миллий маҳсулотларимизни яратувчи миллий брендларимиз ҳам анчагина кўпайиб, ўз номи ва довруғи билан керак бўлса жаҳон бозорларига чиқмоқда. Аммо баъзи компанияларнинг ишлаб чиқараётган товарлари сифат талабларига жавоб бермаслиги натижасида “made in Uzbekistan” номига доғ туширмоқда.
Ёзнинг жазирама кунларида инсонларнинг музлатгич, ҳаво совитгич каби маҳсулотларга эҳтиёжи ортади. Шу боисми Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушаётган мурожаатлар ичида айнан музлатгич ва кондиционерларни сотиб олиб, сўнгра унинг сифатсизлигидан норози бўлаётганлар сони ошиб кетди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси Гулноза Шарафованинг маълум қилишича, айниқса, Artel компанияси ишлаб чиқараётган маҳсулотлар юзасидан кўплаб норозиликларни кузатилмоқда. Қуйида сизга ушбу мурожаатлардан баъзиларини ҳавола этилади.
Фарғоналик Д.Сарибоева “Моҳигул юксалиш савдо” дўконидан 2 млн 100 минг сўмга музлатгич сотиб олади, уни ишлатиш жараёнида яхши ишламаганлиги сабабли савдо дўкони масъулига қўнғироқ қилади.
Масъул ходим “Artel” русумли музлатгич бўлганлиги сабабли мазкур компаниянинг Фарғона шаҳридаги сервис марказига ёзма равишда мурожаат қилишларини айтади. Сервис хизматдан мутахассис келиб, тузатиб кетгандан сўнг ҳам музлатгич яхши ишламайди. Бундан жаҳли чиққан Д.Сарибаев Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилади. Федерация ходимлари дўкон маъмурияти ва сервис хизмати ходимларига тушунтириш ишлари олиб бориб, ишга қонуний ёндашганларидан сўнг сервис маркази мутахассислар томонидан ўтказилган қайта ўрганиш жараёнида музлатгичда бартараф қилиш имконияти мавжуд бўлган нуқсон аниқланиб, кафолат муддати ичида бепул таъмирлаб берилди.
Истеъмолчи таъмирдан сўнг музлатгични талаб даражасида, муаммосиз ишлаётганлигини маълум қилди.
Яна “Аrtel” муаммоси
Ангренлик Ботирбек Қамбаров “Навоий” кўчасидаги дўконларнинг биридан ARTEL музлатгичини 2360000 сўмга харид қилиб олган. Оз фурсатда музлатгич носозлиги маълум бўлган. Бундан норози бўлиб, дўконга мурожаат қилганларида, тузатиш учун сервис хизматларга боғланишларини билдириб, муаммони ўзларидан соқит қилган. Ушбу масалага ечимини топиш мақсадида сарсон- саргардон бўлгач, Ботирбек Қамбаров умид билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига келиб, муаммосини айтади.
Ушбу ҳолат федерация ходимлари томонидан ўрганилди. Ҳолат аниқлангач, уч кундан сўнг мутасаддилар истеъмолчи билан “Навоий” кўчасидаги дўконга келиб, ишдан чиққан музлатгичнинг ўрнига ҳудди шу русумдаги янги музлатгични текшириб, алмаштириб беришди.-
Жанубий Кореялик истеъмолчининг ҳуқуқи ҳимоя қилинди
“Биздаги муаммони қисқа муддатда ҳал қилиб берганликлари учун Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ўзбекистонда бундай ташкилот борлигидан хурсандман”. Жаноб К.Хан, Жанубий Корея фуқароси.
Ушбу миннатдорчиликнинг сабабига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Корея истеъмолчилар агентлиги ўртасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, мазкур келишув доирасида ҳар икки ташкилот Кореяда Ўзбекистон, Ўзбекистонда эса Кореялик фуқароларга истеъмолчилик ҳуқуқларига оид масалаларида амалий кўмак бериб келмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига кореялик фуқаро жаноб К.Хан мурожаат қилган. У жорий йил 21 июнь кунида Фарғона шаҳридаги супермаркетларнинг биридан 2 дона ARTEL кондиционерини умумий 5 млн 642 минг сўмга сотиб олган. Лекин кондиционерни ўрнатгач, эртаси куни улардан бирида муаммолар кузатилган. К.Хан сотиб олинган маҳсулот ҳавони яхши совитмаётганлигини юзасидан сервис маркази ходимларига маълум қилганлиги, марказ усталари эса муаммони бартараф эта олмаган. Шундан сўнг савдо дўконига бориб нуқсонли кондиционерни сифатлисига алмаштириб беришларини ёки пулини қайтаришларини сўраган, лекин мурожаати ижобий ҳал бўлмаганлигидан норози бўлган.
Федерация ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида, истеъмолчининг истагига кўра, нуқсонли товар қайтариб олиниб, худди шу маркадаги сифатлисига алмаштириб берилди.
Нафақат юртдошларимиз ҳатто чет эллик меҳмонларни-да сарсон қилаётган Аrtel компанияси ҳамда унинг хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари “Миллий маҳсулот- миллий ғурур” шиорига амал қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аслида миллий бренд миллатнинг фаровон ҳаётига хизмат қилиши лозим эмасми?!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг