Арнасойда миллий ҳунармандчилик ривожланмоқда

21:36 25 Май 2020 Жамият
2302 0

Юртимизда халқнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора тадбирларни амалга ошириш, шу асосда аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг ноябр ойида Президентимизнинг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.

— Ушбу Фармон ижросини таъминлаш ҳамда унда кўрсатилган имкониятлардан фойдаланиб, мен ҳам ўз ҳунармандчилик йўналишимни ташкил этдим, туманимизнинг бир қисми Айдар-Арнасой кўллар тизими билан чегарадош бўлиб, кейинги йилларда бу ерга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди, — дейди Арнасой туманилик ҳунарманд Фарида Авазова. — Замонавий технологиялар ривожланган сари халқ ҳунармандчилиги ўз соҳасига содиқ қолиб кундан-кунга ривожланиб бормоқда, айниқса қўл меҳнати орқали тайёрланаётган маҳсулотларга талаб жуда юқори бўлаётир. Ҳозирда туманда 20 нафардан зиёд шогирдларим соҳа сирларини ўрганиб, мустақил ишлашга тайёрланмоқда.

Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам коронавирус пандемияси кенг тарқалган бўлиб, карантин қоидаларига амал қилинмоқда. Аҳолининг уйда бўлиши ҳунармандчилик, айниқса қўл меҳнати орқали ясаладиган тақинчоқлар, қулоқ-бурун, бўйин ва кўкрак учун безаклар ясашга ва уларни харид қилишга талабни сезиларли даражада оширди. Бу эса бу соҳага қизиқувчи ёш қизлар ва аёлларни кўпайишига сабаб бўлди. Айни вақтда ҳунарманднинг саъй-ҳаракати билан ўн турда ясалаётган тақинчоқларнинг сафи яна бештага кўпайиб маҳсулотлар интернет орқали сотилмоқда, қолганлари эса сайёҳларга сотишга шай қилиб қўйилди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер