Армияни ҳаёт мактаби, деганларича бор экан — Гулшод Ҳамроева

18:57 10 Январь 2024 Жамият
445 0

Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида ташкил этилган “Аскар оналарини шарафлаймиз” мавзусида ўтказилган видеомулоқот шаклидаги маданий-маърифий тадбирдан Гулшод Ҳамроева мамнун ҳолда қайтди.

— Фарзандим Тошкент вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтаяпти, — дейди у. — Видеомулоқот орқали ҳол-аҳвол сўрашдим. Армияни ҳаёт мактаби, деганларича бор экан. Гап-сўзлари бурро, ўзи анча босиқ бўлибди. Юз-кўзларидан ҳаёт, тинчлик, ота-она қадрини чуқур ҳис этаётгани сезилиб турибди. Барча сафдошлари қатори Ватанимиз олдидаги бурчини аъло даражада ўтаб, бағримизга қайтишини интиқ кутаман.

Бевосита тадбирга келсак, у Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилди. Унда Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган Тошкент вилоятилик ҳамда мазкур вилоятда армия хизматида бўлган бухоролик муддатли ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари, ёр-биродарлари иштирок этишди. Ҳаяжонли дамларга бой бўлган маросимда ҳар иккала томон онлайн тарзда дийдорлашиб, дил изҳорларини баён этишди. Оналарни, тинчликни шарафловчи куй-қўшиқлар янгради. Аскар оналарига анвойи гуллар тақдим этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер