Археологик ёдгорликка зарар етказганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

12:25 05 Июль 2022 Жамият
1327 0

Наманган вилояти Уйчи туманидаги археологик ёдгорликка ҳокимлик қарори билан катта зарар етказилган.

Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан ушбу ҳолат ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар Наманган вилояти прокуратурасига қонуний чора кўриш учун юборилди.

Аниқланишича, Уйчи тумани, «Пастгузар» МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)" объекти археологик ёдгорлик бўлишига қарамай, туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарорига асосан фуқаро Т. Д. га тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ноқонуний тарзда бериб юборилган. 

Ушбу объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сон қарорига асосан маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинганига қарамай, унга катта зарар етказилган.

Наманган вилоят прокуратураси ва ДХХ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, ўтган вақт мобайнида МЧЖ томонидан ёдгорлик ҳудудининг 21 сотих қисмида оғир техника ёрдамида суриш ва қазиш ишлари олиб борилган. Оқибатда археология объектига 3,9 миллиард сўм миқдоридаги зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси тўплаган ҳужжатлар асосида Наманган вилояти прокуратураси томонидан Уйчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳамда МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 

Ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер