АҚШ Савдо вакили офиси: Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишда Вашингтон қўллаб-қувватловига доимо ишониши мумкин
Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ Савдо вакили ўринбосари Кристофер Уилсон ва Савдо вакили ёрдамчисининг ўринбосари Зебо Риёзуддин билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда элчи Савдо вакили бюроси томонидан Ўзбекистонга нисбатан меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш ва интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш талаблари бўйича Бош имтиёзлар тизимини қайта кўриб чиқиш жараёнини бекор қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор учун миннатдорлик билдирди. Бу билан Ўзбекистондан олиб келинадиган товарлар ва хизматлар божга тортилмаслик тартибини сақлаб қолди.
Кристофер Уилсоннинг сўзларига кўра, ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам беришдаги ютуқлари, шунингдек, республиканинг Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг интернет соҳаси бўйича битимларидан келиб чиқадиган мажбуриятларига содиқлигининг эътирофи бўлди. Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан савдо ҳамкорлигини кенгайтириш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатдаги ўзгаришлар жараёни изчиллигидан далолат бераётгани таъкидланди. «Айнан ушбу йўналишлар Президент Жо Байден янги савдо сиёсатининг марказида бўлади», - деди Кристофер Уилсон.
АҚШ савдо вакили ўринбосари Ўзбекистон 15 йиллик танаффусдан сўнг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг амалий қисмига ўтди, ЖСТ Котибиятига ўз вақтида керакли ҳужжатларни тақдим этишда муҳим ютуқларга эришди, деб таъкидлади. 2020 йилда, шунингдек, Ишчи гуруҳнинг 4-йиғилишини муваффақиятли ташкил этди.
«Мутахассисларнинг профессионаллиги ва раҳбариятнинг ЖСТга аъзо бўлиш суръатини давом эттиришга бўлган қатъий садоқати ҳамда бу йўналишда кўпроқ натижага эришишга тайёрлиги жуда муҳим. Бу борада Ўзбекистон АҚШнинг қўллаб-қувватловига доимо ишониши мумкин», - деди Кристофер Уилсон.
Шунингдек, у мамлакатимизнинг Жексон-Веник тузатишининг Ўзбекистонга татбиқ этилишини бекор қилиш бўйича қатъийлигини олқишлади. Мавжуд вазиятнинг сақланиб қолиши, унинг фикрига кўра, АҚШ-Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш истиқболларига таъсир қилиши мумкин, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлари руҳига жавоб бермайди.
Учрашувда Савдо вакили идораси билан ҳамкорликда апрель ойида АҚШ Конгрессида республикага нисбатан Жексон-Веник тузатишининг қайта кўриб чиқилиши мавзусига бағишланган брифинг ўтказиш бўйича келишиб олинди. Унда америкалик қонун чиқарувчиларга Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва бозор иқтисодиёти асосларига босқичма-босқич ўтишдаги ютуқлари тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилади.
Музокараларда, шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўртасидаги савдо ва инвестициялар тўғрисидаги ҳадли битим кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда минтақада савдо-сотиқни кенгайтириш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш механизмини яратиш масалалари кўриб чиқилади.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, мазкур йиғилишни 29 март - 2 апрель кунлари виртуал шаклда ўтказиш кўзда тутилган. Тадбир кун тартибидан божхона процедураларини унификациялаш, интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилиш, товарларнинг халқаро стандартларини жорий этиш, шунингдек, электрон тижоратни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Америка томонининг фикрига кўра, кўп томонлама ҳамкорликнинг ушбу йўналишлари Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан АҚШ Бош имтиёзлар тизими қўлланилишини сақлаб қолиш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бу эса ушбу мамлакатларга маҳсулотларни Америка бозорига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини беради.
Шу нуқтаи назардан, Кристофер Уилсон Афғонистонга мамлакатнинг минтақадаги ролини ҳисобга олган ҳолда Ҳадли битим кенгашининг тўлақонли аъзоси мақоми белгиланиши зарурлигига эътибор қаратди. Элчихона маълумотига кўра, Афғонистоннинг кенгашга аъзоликка қабул қилиш масаласи муҳокамаси минтақа давлатлари ва АҚШ ташқи савдо вазирликлари раҳбарларининг яқинлашиб келаётган учрашуви кун тартибида ҳам кўзда тутилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг