АҚШ Ўзбекистонга қиймати 330 минг доллардан зиёд бўлган тиббий ниқоблар юборди. Юкни юбориш харажатлари АҚШда яшовчи ўзбекистонлик тадбиркор ҳисобидан қопланди

17:28 09 Август 2021 Жамият
1057 0

9 август куни Global Jewish Assistance and Relief Network (АҚШ) жамғармаси томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган тиббий ниқобларининг биринчи қисми Ўзбекистонга келтирилди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Ҳозирда умумий қиймати 330 минг доллардан зиёд бўлган қарийб 270 минг дона тиббий ниқобларнинг 134 минг 400 донаси олиб келинган. Ундан 165 минг донадан ортиқ Н95 респираторли ниқоблар, 4 минг дона КН95 ва 100 минг дона уч қаватли ниқоблар ўрин олган.

Таъкидланишича, гуманитар ёрдам республикада коронавируснинг янги тўлқини сабаб кузатилаётган эҳтиёжни қондиришда кўмак мақсадида юборилган.

Хабарга кўра, ушбу инсонпарварлик юкини Ўзбекистонга юбориш харажатлари Пенсильвания штати Филаделфия шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик Фурқат Ражабов ҳисобидан қопланган.

«Бутун ер куррасини қамраб олган коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. АҚШ жамғармаси томонидан тақдим этилган тиббий ниқобларнинг дастлабки туркумини юртимизга юборишга ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз», дейди Ражабов.

«Тиббий ниқоблар ўрнатилган тартибда республиканинг тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида тарқатилади. Шунингдек, ниқобларнинг иккинчи туркуми ҳам тез кунларда Ўзбекистонга олиб келинади», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер