АҚШ Ўмон кўрфазида катта миқдорда ўқ-дорилар олиб кетаётган кема қўлга олингани маълум қилди

01:02 04 Декабрь 2022 Дунё
1164 0

Фото: Reuters

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Ўмон кўрфазида ўқ-дорилар ва ёқилғи бўлган кемани ушлаб олди.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари марказий қўмондонлиги Уммон кўрфазида бортида ўқ-дорилар ва ракета ёқилғиси топилган кема қўлга олингани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг визуал ахборотни тарқатиш хизмати сайтида айтилган.

«1 декабрь куни АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий-денгиз кучлари Ўмон кўрфазида Эрондан Яманга 50 тоннадан ортиқ ўқ-дорилар, ракета ёқилғиси олиб кетаётган балиқчи кемани тутиб олди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бу бир ой ичида ушбу ҳудудда ноқонуний олиб ўтилган қурол-яроғларнинг йирик ҳажмдаги мусодара қилиниши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Вице-адмирал Брэд Купернинг сўзларига кўра, ушбу воқеа Эроннинг ҳалокатли қуролларни ноқонуний ташиш ва беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатлари давом этаётганини яққол кўрсатиб турибди.

Нашр шунингдек, Ямандаги ҳусийларга тўғридан-тўғри ёки билвосита қурол етказиб бериш, сотиш ёки ташиш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2216-резолюцияси ва халқаро ҳуқуқни бузишини таъкидлайди.

Яманда фуқаролар уруши 2014 йилдан бери давом этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши 2015 йил апрель ойида мамлакатдаги вазият бўйича 2216-сонли резолюцияни қабул қилди. Унда ҳусий исёнчиларга қурол етказиб беришни тақиқлаш назарда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер