АҚШ америкаликларни Беларусни зудлик билан тарк этишга чақирди
Иллюстратив фото
Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) ўз фуқароларини назорат-ўтказиш пункти ёпилганлиги сабабли дарҳол Беларусни тарк этишга чақирди.
АҚШ Давлат департаменти мамлакат фуқароларига Литва томонидан чегара назорат пунктлари ёпилгани муносабати билан Беларусни зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу ҳақда АҚШнинг Минскдаги элчихонаси сайтида чоп этилган пресс-релизда айтилади.
«Беларусда бўлган АҚШ фуқаролари зудлик билан мамлакатни тарк этишлари керак. Литва ва Латвия билан қолган чегара ўтиш пунктлари орқали ёки самолётда кетишни ўйлаб кўринг», — дейилади дипломатик миссия баёнотида.
Шунингдек, элчихона америкаликларни Россия ёки Украинага саёҳат қилмасликка чақирган.
Шу йилнинг 18 август куни Литва ҳукумати Белорусь билан чегарадаги олтита назорат-ўтказиш пунктидан иккитасини ёпди. Хусусан, Шумскас ва Тверячюсдаги ўтказиш пунктларида кириш-чиқиш тўхтатилди.
Литва ички ишлар вазири Агне Билотайтенинг сўзларига кўра, бу қарор контрабандага қарши кураш доирасида ва мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги сабабли қабул қилинган. Унинг тушунтиришича, мазкур назорат пунктларида рентген аппаратлари ўрнатилмаган ва текшириш самарадорлиги бошқа постларга нисбатан анча паст.
Аввалроқ, Латвия Беларусь билан чегарада қўшимча ҳарбийларни сафарбар қилиши маълум қилинганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг