«Ақлвой» телеканалида болалар учун номаъқул бўлган саҳналар эфирга узатилди

10:26 21 Июнь 2021 Жамият
2240 0

Сўнгги кунларда «Ақлвой» телеканали орқали намойиш этилган «Шахризода. Айтилмаган ҳикоялар» ва «Арт-Одиссей» мультсериалларидаги 2 та лавҳа кенг жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлди. «Ақлвой» телеканали ижодкорларининг маълум қилишича, мазкур ҳолат инсон омили сабаб юзага келган ва бунинг учун телеканалнинг барча ижодкорлари танбеҳ олган.

«Афсус билан шуни тан оламизки, болаларда янгиликка интилиш, уларни жаҳон маданий мероси билан таништириш, атроф-муҳитни ўрганишга қизиқиш уйғотишга қаратилган контент танланганига қарамай, унинг ичида кичик ёшдаги болалар учун номаъқул бўлган саҳналар инсон омили сабаб эфирга узатилган.

Шуни маълум қиламизки, «Ақлвой» телеканали ҳар жиҳатдан ҳали жуда ёш ва жорий йилнинг 22 мартидан бошлаб тест режимида эфирга узатиб борилмоқда. Том маънода каналимиз энди оёққа турмоқда. Йўл қўйилган хатолар, албатта, каналимизнинг келгусида эҳтиёткорликка амал қилишига, унинг янада яхшиланиши, қизиқарли ва фойдали бўлишига туртки бўлади.

Ушбу йўл қўйилган хато бўйича бутун канал ижодкорлари керакли танбеҳни олди. Улар яна бир бор Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлигига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш» тўғрисидаги қонун талаблари билан таништириб чиқилди ва ушбу қонун бузилиш ҳолатларида интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, контент назорати кучайтирилиши учун қўшимча ходим ишга олинади.

Келажакда юқоридаги каби хатоларга йўл қўйилмаслик учун дубляж билан шуғулланаётган компаниялар билан қўшимча келишувлар амалга оширилди. Энди уларга маънавиятимизга зид бўлган лавҳалар ҳақида маълумот бериб туриш мажбурияти топширилади.

Яна бир бор барча телетомошабинларга йўл қўйилган хатога бефарқ бўлмаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Айнан сиз туфайли каналимиз ўсиб, ривожланиб, яхшиланиб боради. «Ақлвой» телеканали янги илмий-оммабоп дастурлар ва ранг-баранг киномаҳсулотлар билан болаларни қувонтиришда давом этади», дейилади телеканал маълумотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер