«Ақлли ҳисоблагич»га чап берган «уддабурон»лар
Фото: Халқ сўзи
Республикамизда табиий газ истеъмолининг аниқ ҳисобини юритиш, бунда инсон омилини қисқартириш орқали шаффофликни таъминлаш, дебитор қарздорликни камайтириш мақсадида автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши айни муддао бўлмоқда Жумладан, табиий газдан фойдаланадиган аҳоли хонадонларига «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.
Ҳозирга қадар Сурхондарё вилоятида 117 минг 920 та хонадонга замонавий ҳисоблагич ўрнатилди. Ундан фойдаланиш, ҳисоблагичга ташқи таъсир етказиш мумкин эмаслиги борасида мунтазам равишда тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шунга қарамай, баъзи истеъмолчилар орасида «зангори олов» учун ўз вақтида тўлов қилиш ўрнига ўзбошимчалик билан уни ечиб қўйиш, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани сир эмас.
«Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиалининг жисмоний шахсларга табиий газни етказиб беришни назорат қилиш бўлими ходимлари томонидан мунтазам равишда «Веб биллинг» дастури орқали аҳолининг кунлик истеъмол қиладиган табиий газ ҳажмлари таҳлили олиб борилади. «0» кўрсаткич қайд этилган «ақлли» ҳисоблагичлар таҳлил қилинганда, биргина 2023 йилнинг январь ойида вилоят бўйича 34 та аҳоли хонадонида газ ҳисоблагичлар истеъмолчилар томонидан ўзбошимчалик билан ечиб қўйилиб, резина шланг орқали табиий газдан фойдаланилгани аниқланди. Соҳа ходимлари томонидан ўша вақтнинг ўзида ушбу хонадонлардаги газ таъминоти тармоқдан узилиб, тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди.
Шундай қилиб, бир ойнинг ўзида айрим «уддабурон»лар томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш эвазига 65 минг 187 метр куб газ ўзбошимчалик билан сарф қилинган ва оқибатда таъминот корхонасига яхшигина моддий зарар етказилган.
Яқинда юртимизда кузатилган аномал совуқ энергетика таъминотидаги бир қатор муаммоларни юзага чиқарди. Жумладан, табиий газ таъминотида юз берган узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Аммо айни жараён истеъмол маданиятига риоя қилган ҳолда фойдаланилган коммунал хизматлар учун вақтида тўловларни амалга ошириш борасида ҳали камчиликларимиз етарли эканини ҳам амалда кўрсатди. Бинобарин, аҳоли ўртасида истеъмолчилик маданиятини ошириш, ҳисоб-китоб тизимини янада такомиллаштириш энергетика таъминоти тақчиллигини бартараф этишнинг муҳим шартларидан бири эканини унутмаслик лозим.
Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг