Ақлий ўйинларни оммалаштиришдан асл мақсад нима?
Мактабларда сўнгги қўнғироқлар чалинди, ўқишлар асосан тугади. Битирувчилар кўзларида ёш билан шеърлар ўқишди, таълим берган устозларини улуғлашди, уларга таъзим қилиб, гуллар беришди... Қисқаси, ҳаяжонли, дилни орзиқтирувчи лавҳалар.
Шунда тўсатдан қадимги ҳинд донишманди, эрамизнинг тахминан 113-213- йилларида яшаган файласуф Нагаржуна айтиб кетган сўзлар ёдимга келди: ”Меҳрибон, маслаҳатгўй устозларни улар сен учун нималардан воз кечганларига қараб, ажратиб олиш мумкин. Улардаги шукроналик, ҳамдардлик, ахлоқийлик ва қалбан ҳис этиш ғам-ғуссанинг йўлини тўсувчи воситалардир”.
Бугун шогирдларининг камолини кўриб, кўзлари ёшланиб турган ҳар бир устоз ана шундай эъзозга лойиқ , албатта.
Камина Олотдаги ихтисослаштирилган мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиман, табиийки, ушбу тадбирда иштирок этдим. Аслида мана шу мақоланинг ёзилишига ҳам айнан шу маросимдаги бир воқеа, аниқроғи, кўпчилик унча эътибор ҳам бермаган, оний тезликда ўтиб кетган бир манзара сабаб бўлди.
Хуллас, битирувчи қизлардан бири инглиз тилида равон гапириб, муаллимасини табриклади, миннатдорчилик билдириб, гулдаста тақдим этди. Бу гўёки одатдаги бир воқеа эди: ҳарқалай, бу ихтисослашган мактаб. Муаллима менга яқинроқ турганди, битирувчи қизни мақтаб қўйдим:
- Билимли экан, баракалла!
- Ҳа, “С-1” бор бу қизда! - деди муаллима мамнуният ва фахр билан. Рости, ҳайрон қолдим. Қосир ақлим билан англаганим шуки, бу даража одатда инглиз (фаранг, немис, итальян ва ҳ.з.) тилини яхши биладиган ўқитувчиларга берилади. “С-1” мақомини олган муаллимнинг ойлик маошига икки баравар устама қўйилади. Демак, бу битирувчи қиз ҳавас қилса арзигулик даражада билимли! Ана шулар баробарида кўнглимдан тағин бир фикр кечди: шу каби ўсмирлар ўз она тилимизни, миллат ва юрт тарихини қанчалик билишар экан? Боягина қалбимда чарақлаб турган қуёшнинг бир четини булут босгандек бўлди...
Сўнгги пайтларда “Заковат” интеллектуал ўйинлари урфга кириб боряпти. Менинг кўп йиллик орзуйим эди бу! Нафақат ёшлар, ҳатто ўрта ёшли ва катталар ҳам қизиқиб қолишди бу ўйинга. Жуда қувонарли ҳол. Эртанги кун ақлли одамлар қўлида, бу кундай равшан ҳақиқат. Ўзим ҳам уч-тўртта дилдош ошналар билан бир гуруҳ тузиб, қатнаша бошладим. Ҳатто яқинда Қарши шаҳрида ўтган саралаш ўйинларида ҳам иштирок этиб қайтдик.
Очиғи, ёшларнинг илмга чанқоқлиги, фикрлаш тезлиги, шахду шиддати ҳавас қилишга лойиқ. Улар бугунги давр имкониятларидан жуда унумли фойдаланишади. Бериладиган саволлар ҳам анча тагдор ва жиддий ўйлашни талаб этади. Фақат бир истиҳола яна инжиқ кўнглимни безовта қила бошлади: нега саволлар нуқул Америка ва Европа тарихи, адабиёти, санъати, спортига тааллуқли? Масалан, Қаршидаги ўйинларда юзта савол ўйналган бўлса, шунинг камида саксонтаси миллий ўзлигимизга умуман алоқаси бўлмаган саволлар эди. Нега бундай? Бугунги ўзбек йигит-қизлари, айтайлик, “Реал” ёхуд “Барселона” клубларидаги қайсидир футболчининг номини ёки рақамини билмаса, айб саналадими? Буюк Турк ҳоқонлигининг тарихи, Машрабнинг ахлоқий-тасаввуфий қарашлари, Мингтепа (ҳозирги Марҳамат тумани)да бўлиб ўтган Дукчи эшон қўзғолони сабаблари ва оқибатлари, Ўзбекистонни салкам чорак аср бошқарган Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодини билмаса-чи? Фармонбибининг гаплари беихтиёр қулоғим остида жаранглай бошлади: “Эҳ одамлар, агар хўрозқанд чет элники бўлса, ётиб олиб ялашади!”
Ақлий ўйинларни оммалаштиришдан асл мақсад нима ўзи? Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишми? Ҳа! Уларни илм излашга ундаш, китобга қизиқтиришми? Ҳа! Шиддат билан ривожланиб бораётган дунёдан орт қолмасликка рағбатлантиришми? Ҳа! Буларнинг бари тўғри. Аммо, фарзандларимиз бутун дунё тарихидан чуқур хабардор бўлишса-ю, ўз тарихимиз, миллий қадриятларимиз, минг йиллик илдизларимизни билишмаса, унда бунақа ақлдан кимга фойда?
Илму маърифат қачонки миллатга хизмат қилсагина, у қимматлидир.
Абдунаби ҲАМРО.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг