Ангренда вояга етмаган қизни зўрлаган шахсларга ҳукм ўқилди

21:06 13 Март 2026 Жамият
714 0

Ўтган йилнинг июль ойида Ангренда (Тошкент вилояти) вояга етмаган қиз гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида хабар берилган эди.

"Қиз 14 ёшлигида қариндоши томонидан зўрланган. Олти ой олдин эса бир гуруҳ ёшлар томонидан жинсий зўравонликка учраган", — дейилганди хабарда.

Ўшанда Болалар омбудсмани ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни алоҳида назоратга олган эди. Тўрт нафар гумонланувчи қўлга олингани ҳақида маълум қилинганди.

Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди С. К. (2006 йилда туғилган), З. У. (2004), Д. У. (2004) ва А. У. (2003) га нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилди. Суд қарорига кўра:

С. К. (жиноят содир этилган вақтда вояга етмаган бўлган) — Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди;

З. У. — Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди ва 119-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий шаклда қондириш) ҳамда 28-модда орқали ушбу моддалар билан айбдор деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди;

Д. У. — Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди ва 119-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилди ва 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди;

А. У. (II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс) — Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди ва 119-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилди ва 7 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер