«Ангрен шакар»нинг нега ороми бузилди?
Бугун мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб жараёнга айланди. Чунки коронавирус пандемияси туфайли баъзи турдаги истеъмол маҳсулотларининг республикамизга импорт қилиниш ҳажми камайиши кузатилмоқда. Хомашёси хориждан келтириладиган айрим маҳсулотлар борасида бу муаммо янада беқарорлашиши мумкин. Бундай шароитда импорт маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган маҳаллий саноатимизни такомиллаштириш зарурати юзага келяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни худди шу масалада, иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Унда Президент томонидан бу борадаги бир қатор устувор вазифалар илгари сурилди. Жумладан, давлат раҳбари: «Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади», —деди.
Стратегик аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига кирувчи шакарни республикамизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйилишида айнан ана шу мақсад кўзда тутилганди. Бироқ бугун мамлакатимизда шакар ишлаб чиқариш саноати мавжудлигига қарамасдан, уни ички бозоримизга импорт қилиш ҳажми кўпаймоқда. Бунинг нимаси ёмон дерсиз?! Ташвишли жиҳати шундаки, “Русагро” маълумотларига кўра, Россия шакарини етказиб бериш борасида энг манфаатли йўналиш — Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳисобланади. Гуруҳ бош директори Максим Басовнинг фикрича, агарда Россия 0,5 миллион тоннадан ортиқ шакар ишлаб чиқарса ҳам, унинг ҳаммаси Ўзбекистонга жўнатилади.
Бу фактлар мамлакатимиз ички бозорини экологик тоза ҳолдаги арзон шакар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 2014 йилда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида бунёд этилган «Ангрен Шакар» МЧЖ фаолиятига соя ташлаши турган гап.

2000 йилларда Ўзбекистонга четдан шакар киритишга 30 фоизлик устама қўлланиларди. Доимо фойда ортидан қувувчи айрим тадбиркорлар эса бу савдодан бугунгидек даромад кўришмасди. Шу боис бўлса керак, ушбу бизнесга ҳамма ҳам юрак ютиб сармоя тикмасди. Натижада ўша даврларда аҳолининг шакарга бўлган талабини тўлиқ қоплаш борасида бир қатор муаммолар юзага келган. Чунки, 1998 йилгача аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган шакар 100 фоиз четдан келтириларди-да.
Аслида, «Ангрен Шакар»ни бунёд этишдан кўзланган бош мақсад ҳам мана шу муаммони маҳаллий маҳсулот ҳисобига бартараф этиш, ички бозорда рақобат муҳитини яратишга йўналтирилганди.
Расмий статистика маълумотларига кўра, мамлакатимиз аҳолисининг шакар истеъмол қилишга бўлган бугунги йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил этади. Оҳангарон ва Хоразмдаги корхоналарнинг ойлик ишлаб чиқариш қувватини инобатга оладиган бўлсак, бу талаб маҳаллий маҳсулот ҳисобига эмин-эркин қопланиши мумкин. Бироқ ўзаро рақобатни ривожлантириш учун импортчиларга берилган катта имтиёз маҳаллий шакар саноатини ички бозордан сиқиб чиқарилиши, устига-устак соҳада хориж шакарчиларининг тўлиқ монополия ўрнатишларига йўл очиб бермайдими?
Кечаги йиғилишда монополия масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган «йўл харитаси» тасдиқлаш вазифаси белгиланди. Булар мамлакатимиз раҳбариятининг маҳаллий саноатни ривожлантириш, ички бозоримизда соғлом рақобат муҳитини яратиш йўлидаги навбатдаги улуғвор қадамларидан яна биридир.
“Ангрен Шакар” МЧЖ Тошкент вилоятидаги барқарор ишловчи корхоналардан ҳисобланади. Ҳатто пандемия шароитида ҳам унинг жамоаси карантин чекловлари туфайли жорий этилган санитария-эпидемиология қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда ўз аҳилликларни намоён этишди. Корхона ишчиларининг бандлиги тўлиқ таъминланди. Ишлаб чиқариш жараёни Германия, Австрия, Бельгия, Финляндия каби етакчи давлатларнинг энг замонавий, илғор технологиялари асосидаги ускуналар билан жиҳозланган. Корхонани бунёд этишда молиялаштирилган лойиҳа тўлиқ ўзини-ўзи таъминлаш тизимини яратган. Бутун ишлаб чиқариш жараёни компьютер бошқарувига уланган. Тўрт сменалик ишда инсон омили тартибли равишда иштирок этади. Шу боис, лаборатория ва цехларда махсус коржомадаги ишчиларни деярли учратмайсиз. Мутахассислар бутун жараённи онлайн режимида, махсус хоналардан туриб бошқарадилар. Бу корхона фаолиятида аллақачон жорий этилган рақамли иқтисодиётнинг бир кўринишидир.

Арчазор ва гулларга бурканган корхона ҳовлисидаги яшиллик ва орасталиклар ҳавасингизни келтиради. Ерга ёғ тушса ялагудек йўлаклар шу даражада саранжом-саришта. Бу ерда унумли меҳнат қилиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш учун ҳамма шароит муҳайё. Корхона буғ двигателлари билан ишловчи энг замонавий кичик электростанциясига эга. Шу боис, ташқи электр таъминотига муҳтожлик сезилмайди. Тайёр маҳсулотларни қадоқлаш учун зарур бўладиган полипропилен қоплари ҳам шу ернинг ўзида, Тайвандан келтирилган бир кеча кундузда 25 минг дона қоп ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ускуналарда дастлаб сунъий тола ҳолида йигирилиб, кейин махсус линияларда тикилади. Унга талаб этиладиган хомашё гранулалари Шўртан ва Уст-Юртдаги газни қайта ишлаш корхоналаридан олинади.

—«Ангрен Шакар» корхонаси вилоят ва туманимизнинг фахри ҳисобланади. Тўлиқ техник таъминот ва жараёнларнинг автоматлаштирилганлиги даражаси бўйича корхона дунёдаги саноқли заводлар сирасига киради, — дейди Оҳангарон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Миршоҳид Мирюнусов. — Улар барча иқтисодий-ижтимоий жараёнларда фаол қатнашмоқда. Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳузуридаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази,«Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали меҳр-мурувватга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ибратли лойиҳаларни амалга оширишмоқда. Туманнинг «Қорабалиқ» МФЙ ва Тошариқ қишлоғида истиқомат қилувчи юзлаб эҳтиёжман хонадонларга беғараз ёрдам кўрсатишди. Туман ҳудудини ободонлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашда, ҳудудда ички туризмни, соғлом турмуш тарзини, спортни ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар қилишяпти. Хусусан, «Спорт-саломатлик гарови» шиори остида мини-футболни оммалаштиришдаги ташаббуслари таҳсинга лойиқ.
Корхонадаги барқарорлик туманимиз иқтисодиётини юксалтиришда, маҳаллий ёшларни иш билан таъминлашда ўз аҳамиятига эга. Солиқ тўловларининг вақтида амалга оширилиши эса ҳудуд бюджетига салмоқли улуш бўлиб қўшилмоқда. Биргина мисол: шакарқамишни қайта ишлаш давомида, чиқинди сифатида иккиламчи хом ашё меласса ажратиб олинади. У «В» гуруҳидаги витаминларга, шунингдек, кальций, магний, темир, фосфор ва калийга ниҳоятда бой. Корхонада йилига 11 минг тоннага яқин меласса ажратиб олинади. Уни тиббиёт спирти, ачитқи ва чорва озуқаси ишлаб чиқарувчи республикамиз ҳудудидаги барча корхоналар арзон нархларда харид қилишади. Биргина шу жараённинг ўзиёқ “Ангрен Шакар”нинг узлуксиз ишлаши мамлакатимиз халқ хўжалиги учун қанчалик зарурат эканлигини кўрсатиб турибди.
—Хориждан импорт қилинувчи хом ашёни (шакарқамиш ва қанд лавлагини) қайта ишлаб, бир кеча-кундузда минг тонна шакар ишлаб чиқариш имкониятига эгамиз, — дейди “Ангрен Шакар” МЧЖнинг бош технологи Баҳром Қурбонов. — 2014 йил сентябрь ойидан бошлаб мамлакатимиз ички бозорига 2- ва 3- тоифали шакар етказиб берамиз. Асосий ҳамкорларимиз “Сoca-Cola”, “Pepsi” ва “Nestle” компаниялари.
Германия технологияси асосида босқичма-босқич тозаланган энг сифатли шакар ишлаб чиқарувчи ускуналар маҳсулотимизни ISO-9001 халқаро сифат стандартлари даражасига олиб чиқди. Шу боис тайёр маҳсулотларимиз хавфсизлиги бўйича халқаро сифат стандарти FSSCO-22000 сертификатларига эга. Бу жараён ҳар йили Швейцариянинг SGS компанияси томонидан ўтказиладиган аудит текширувлари натижасига кўра баҳолаб борилади. Бизда ишлаб чиқарилаётган шакар жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган экологик тоза маҳсулот бўлиб, ички бозорда ҳам рақобатбардошдир.
—Бозордаги рақобат яхши. Бироқ бу иккинчи томон имкониятини чеклаш ҳисобига бўлмаслиги керак-да. Буни ижтимоий тармоқ орқали муҳтарам Президентимизга қилган мурожаатимда ҳам таъкидлаганман, — дейди биз билан суҳбатда корхонанинг хўжалик ишлари бўйича менежери Рустам Қулбобоев. — Биз ички бозорга бир килограмм шакарни 5360 сўмдан биржа орқали тақдим этяпмиз. Мамлакатимизга импорт қилинаётган шакар шу пайтгача мавжуд бўлган барча тўловлардан озод қилинганлиги боис биздаги нархдан арзонроқдир. Лекин унинг сифати давлат стандартлари талабига жавоб берадими? Ҳамма гап ана шунда.
Сифатсиз шакар истеъмол қилиш киши организмига қанчалик зарарли эканлиги 2019 йил Москвада нашр қилинган С.Агапкиннинг «Юрак ва қон томирлари ҳақида энг асосийси» номли асарида ҳамда Л.Чернявская, Ю.Моканюк, В.Кухарларнинг оқ қанд таркибидаги зарарли элементлар тўғрисидаги илмий мақолаларида очиқ-ойдин баён қилинган.
Бу хусусидаги фикримизни илмий асослаш учун Академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат қилдик.
—Кунлик истеъмолимиз учун харид қилаётган ҳар бир тайёр озиқ-овқат маҳсулотининг сифати давлат стандартларига мос келиши лозим, жумладан, шакарнинг ҳам, — дейди Марказ катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тахирова. — Сифатсиз шакар истеъмол қилиш, агар унда оғирлигини ошириш учун турли аралашмалар солинган бўлса, чиқинди-ахлат истеъмол қилиш билан баробардир. Чунки, бу қўшимчалар инсон организми учун зарар бўлиб, оддий қум истеъмол қилишга тенглаштирилган.
Бундан ташқари, айрим шакар маҳсулотларида ўсимлик ва ҳайвон кули, металл тузлари бўлиши ҳам мумкин. Булар заҳарланиш кўринишида соғлиғимизга жиддий зарар етказади. Шу боис сифатсиз шакар истеъмол қилишдан сақланиш керак. Акс ҳолда унинг оқибатлари қимматга тушади. Шакар харид қилаётганда сифат сертификати ва давлат стандарти талабларига мослиги ҳақидаги ҳужжатни талаб қилиш зарур. Сифатсиз ёки яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулотни истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Давлат раҳбари ҳам яқинда бўлиб ўтган йиғилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам аниқ тўхтамга келиш зарурлигини қатъий таъкидлаб, жумладан бундай дедилар: «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирилади, лекин амалда бу тизим тўла ташкил қилингани йўқ. Буни талаб қиладиган муҳит йўқ, билим йўқ, оммавий ахборот воситаларида тарғибот етишмайди».
Ўзингиз ўқиб, гувоҳ бўлганингиздек, юқорида “Ангрен Шакар” мутасаддилари ички бозорга тақдим этилаётган маҳсулот сифатининг давлат стандартлари талабига мослиги, таркибида инсон саломатлигига хавф соладиган ҳар хил зарарлардан тўлиқ ҳимояланганлигини баён этишди. Бироқ ички бозорда маҳаллий шакар нархини арзонлаштириш ҳамон муаммолигича қолмоқда. Корхонанинг узлуксиз ишлаши туфайли бир йилда давлат ғазнасига 80 миллиард сўмдан ошиқроқ миқдорда солиқ тўланиши, 700 нафар кишига 20 миллиард сўм ойлик маош берилиши, 15 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эса газдан фойдаланганлик харажатларини ташкил қилиши ва бошқа тўловларни инобатга оладиган бўлсак, шакар нархини арзонлаштиришдаги муаммонинг яна бир кўриниши намоён бўлади.

—2017 йилда корхонамиз фаолияти айрим сабабларга кўра тўхтаб қолганди, — дея сўзини давом эттиради Рустам Қулбобоев. — Яхши эслайман, ўша йиллари аҳоли ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг эҳтиёжини қоплаш учун шакар чет элдан валютага сотиб олинган. Бу, албатта, мамлакатимиз иқтисодиётига жиддий зарар келтирган. Республика раҳбариятининг эътибор ва ғамхўрлиги туфайли 2018 йилнинг охирига келиб фаолиятимиз қайта тикланди. Маҳаллий аҳоли яна иш билан таъминланди. Бироқ ўтган бир йилдан ошиқроқ давр мобайнида ишсиз қолган ўнлаб малакали мутахассислар бизни тарк этди. Агар бугунги муаммолар тезда ҳал этилмаса, ишлаб чиқариш жараёни яна тўхташи мумкин. Оқибатда юзлаб одамлар ишсиз қолади. Мутахассислар эса тирикчилик илинжида корхонамизни тарк этишга мажбур бўлади. Уларни ўз иш ўринларига қайтариш эса бизга осон кечмайди. Энг афсусланарлиси, ички бозоримиздаги соғлом рақобат муҳитига путур етади.
Пандемия шароитида ҳам давом этаётган узлуксиз маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнининг кутилмаганда тўхтаб қолишини эса тасаввур қилиш қийин. Бу масала корхона маъмуриятини жиддий ташвишга солмоқда. 25 минг тонна тайёр маҳсулот сақлаш сиғимга эга бўлган омборхона шакар билан лиқ тўлиб, қадоқланган қопларининг корхона ҳовлисидаги очиқ майдонга тахланётгани кимни хотиржам ухлашга қўяди дейсиз. Балки ички бозордаги импорт монополиясини тартибга солиш йўли билан муаммо ўз ечимини топар.
Бу салбий ҳолат юзасидан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига қилган мурожаатларимиз ҳам, афсуски, жавобсиз қолди. Наҳотки ички бозорда соғлом рақобат муҳитини яратиш борасидаги муаммоларни ҳал этилишида тегишли мутасаддилар четдан қараб туришса.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг