Ангрен шаҳар ҳокимига касб этикасини бузиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айби қўйилди
Иллюстратив фото
Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилиши томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимовга тегишли деб айтилаётган аудио ёзув муҳокамаси ўтказилган эди. Ушбу комиссия тақдимномасига кўра, жорий йилнинг 24 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев «Интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисида»ги фармойишини имзолади. Унда, жумладан, бундай дейилади: «Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-, 25-моддаларига мувофиқ, Меҳнат кодексининг 181- моддаси 1-қисмига асосан:
1.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 595-сонли қарори талабларига риоя қилмаганлиги, давлат хизматчисининг касб этекасини бузганлиги, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Абдималикович Райимовга нисбатан «хайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилсин».
Фармойишда таъкидланганидек, вилоят ҳокимининг бундай тўхтамга келишига Одоб-ахлоқ комиссия хулосаси ва Алишер Райимовнинг айбига иқрорлиги асос бўлган.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,В, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг