Ангрен қайта чирой очмоқда
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллик байрами арафасида Ангрен шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан аҳолига бир қатор байрам туҳфалари инъом этилди. Улар орасида кўркам хиёбонлар, дам олиш масканлари, сайилгоҳлар, замонавий тураржой иншоотлар ўрин олганлиги билан алоҳида ажралиб турибди. Куни кеча ана шундай маданият масканларидан бири, 800 ўринли томошабинга мўлжалланган “Осиё” санъат саройининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Анжуманда шаҳар жамоатчилиги вакиллари, ҳарбий хизматчилар, меҳнат фахрийлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

“Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар кўламидан ангренликлар ниҳоятда мамнун. Шаҳар кўчаларининг файзу таровати бугун ўзгача. “Қатағон” маҳалласидаги янги мактаб биноси, 80 ўринли болалар боғчаси, “Истиқбол” маҳалласидаги худди шундай замонавий типдаги кичкинтойлар маскани Ангренга кўрк бўлиб турибди. “Нурчи” маҳалласида эса, уч қаватли оилавий поликлиника қад ростламоқда. “Дельфин” сув ҳавзаси, “Кимёгар” ўйингоҳи замонавий услубда таъмирланмоқда. 17-, 24-умумтаълим мактабларида қўшимча ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат дастури лойиҳаси асосида қайта таъмирлаш амалга оширилди. Шунингдек, 35-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси қуриб битказилди. Аҳоли саломатлиги муҳофазаси йўлида шаҳрдаги 9 та объектда, жумладан, тез тиббий ёрдам бўлими, руҳий-асаб касалликлари шифохонаси биноларини қуриш ишлари жадаллик билан давом этаётир.

Ангрендаги “Истиқбол”, “Уч қалқон”, “Нурчи” маҳаллаларининг ободонлаштирилганлиги туфайли кўркам хиёбонлар, боғ-роғлар вужудга келди. “Кимёгар” маҳалласидаги соҳил бўйи ҳудуди бугун аҳолининг энг севимли масканларидан бирига айланди. Жорий йилнинг шу давригача шаҳардаги жами 10 та кўчанинг 20,3 километр йўли таъмирланиб, асфальт билан қопланди. Йил охиригача яна 3 та кўчада, жами 6,5 километр йўл таъмирланади.

Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари туфайли Ангреннинг шаҳарсозлик архитектураси тубдан ўзгармоқда ва чирой очмоқда.
Шодиёр Мутаҳаров,
(Халқ сўзи)
Равшан Мирзақулов олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг