Андижоннинг Регистон майдонида бўлганмисиз?

14:52 25 Март 2022 Жамият
1802 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанднинг ўзига хос «ташриф қоғози» бўлган Регистон майдони ва унинг ҳуснига кўрк бағишлаб турадиган мовий гумбазли мадрасалар етти иқлимда машҳур.

Буни қарангки, Андижон шаҳрида ҳам Регистон номи билан аталувчи тарихий маскан бор. Яқин йилларда замонавий мезонлар асосида таъмирланган ушбу майдонда Темурийлар давридан қолган баланд минора, бундан икки аср муқаддам қурилган бинолар, ислимий нақшли маҳобатли устунлар асл ҳолича сақлаб қолинган.

Чиндан ҳам бу майдон ўзига хос яхлит ансамблни ташкил этади. Ноёб манзарали дарахтлар аллеяси яратилган хиёбонда миллий менталитетимизга хос хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади. Майдон рўпарасида яна бир тарихий маскан – қадимий деҳқон бозори жойлашган.

Бугун қарийб 10 миллион аҳоли истиқомат қилувчи Фарғона водийси бўйлаб «Олтин водий ҳалқаси» номли туристик харита йўналиши ишлаб чиқилиб, унинг бир бўғини сифатида Андижон шаҳрини туризм марказларидан бирига айлантириш режалаштирилган. Шу мақсадда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни кенг жалб этиш учун қизиқарли ҳамда ранг-баранг режа-дастурлар ишлаб чиқилаётгани эътиборга моликдир.

Андижонга йўлингиз тушса, албатта, Регистон майдонига ҳам ташриф буюринг. Узоқ-яқин тарих ва бугун туташган бу манзил ёрқин таассуротлар қолдириши шубҳасиз.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер