Андижонликларнинг ташаббуслари қанот ёзмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʻzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар ва партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ Андижонда бўлиб, томорқа эгаларининг фаолиятини, тадбиркору фермерларга карантин вақтида яратилаётган имконият ва шарт-шароитларни ўргандилар. Мулоқотлар давомида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга томорқадан фойдаланиш ва шу орқали оила даромадини ошириш бўйича тавсия ва амалий кўмаклар берилди.
OʻzLiDePқошида “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади
Манзурахон Эгамова андижонлик партия фидойиларидан. Жалақудуқ туманидаги 40-Қатортол округидан сайланган депутат ҳамиша уйғоқ. Ислоҳотларга бефарқлик унга ёт. Карантин вақтида томорқалар фаолиятига алоҳида эътибор берилаётгани Манзурахон Эгамовага ҳам шижоат бергани тайин. Сайлов округидаги “Ўзбекистон 5 йиллиги” МФЙдаги қаровсиз турган ер майдонига ишлов бериб, 30 сотихли иссиқхона қурди. Маҳалладаги вақтинча ишсиз қолган 10 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бугун бу ерда етиштирилган помидор ва бодринг ички бозорда харидорларини топиб улгурди.

Депутат ернинг талон-тjрожлигига тез суръатларда чек қўйиш зарур, деб ҳисоблайди. “Ердан унумли фойдаланиш керак. Бир кафт жойни ҳам қаровсиз ташлаб қўйиш ерга нисбатан хиёнат”, дейди у.
Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида М.Эгамованинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятига юқори баҳо берилиб, соҳа ривожи учун билдирган таклифлари қўллаб-қувватланди. Узоқ йиллар вилоят ҳокими ўринбосари, туман ҳокими лавозимларида сидқидилдан меҳнат қилган депутатнинг бугунги фаолияти ҳам халқ манфаатлари, аҳоли муаммоларини бартараф этиш билан чамбарчас боғланган. Мулоқотларда партия фаолияти юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.
— Партия қошида “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича маҳорат дарслари ташкил этилиши керак, — дейди М.Эгамова. – Соҳада малакали сиёсий элита вакиллари ва Ёшлар қаноти фаоллари иштирокидаги мунозаралар, дебатлар янги ташаббуслар, янги ғоялар, янги лойиҳалар туғилишига хизмат қилади.
Мактабларда “Саломатлик дарслари” ташкил этилиши зарур
Мазкур таклиф Хўжаобод туманидаги “Нил гранит” масъулияти чекланган жамияти қошидаги бошланғич партия ташкилотида ташкил этилган давра суҳбатида қўллаб-қувватланди.
-Умумтаълим мактабларининг 1-синфларидан бошлаб то 11-синфга қадар “Саломатлик дарслари” қатъий тизимга киритилса, фарзандларимиз ярим тиббиёт ходими сифатида шаклланиб улгуради, — дейди депутат. – Дарс машғулотлари тиббиёт олийгоҳларининг тиббий педагогика йўналишларини тамомлаган мутахассислар томонидан олиб борилади. Болалар болаликдан турли хасталикларга нисбатан ўзлари ҳимояланишни ўрганадилар.
Таклиф айни пандемия вазиятидан келиб чиқиб қаралганда ўринли. Хасталикни даволагандан кўра олдини олган маъқул.
Халқ ноиби томонидан билдирилган таклифлар орасида яна бири эътиборни тортди.

— Бўш турган қаровсиз ерда “OʻzLiDeP депутатлар боғи” ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ. Боғнинг ер майдони депутатлар томонидан парваришланиб, мевали ва манзарали кўчатлар экилса... ҳар бир халқ ноибининг ўз дарахти бўлса... – депутат ташаббуси бевосита яна ердан унумли фойдаланиш, бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмаслик масалаларига туташиб кетади.
“Депутатлар кутубхонаси” фаолиятини йўлга қўйиш керак. Ҳар бир депутат мазкур кутубхонани китоб жавонидаги ўзбек ва жаҳон адабиётлари билан тўлдириб, ҳар ҳафтанинг маълум куни мутолаа куни деб белгиланса, ҳам маънавий, ҳам амалий натижалар кенгаяди. Очиғини тан олиш керак, айрим ҳолларда китоб ўқишга фурсат бўлмайди. Оила, иш фаолияти, сайловчилар муаммолари ечими билан бандлик халқ ноибларига қатор масъулиятли вазифалар юклаши бор гап. Мазкур таклиф қўллаб-қувватланса, шу баҳона мутолаага ҳам вақт ажратилади, китоблар борасида депутатлар орасида баҳс-мунозаралар қилишга имкон беради.
Асакаликлар томорқачиликнинг ҳадисини олишган
“Обод турмуш орзуси“фермер хўжалиги 2015 йилда ташкил этилган. 2017 йилда тўла кластер тизимига ўтган фермер хўжалигида айни вақтда 80 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Тумандаги барча фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага асосан бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланиб, экспортга йўналтирилади. Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, тажрибаларни оммалаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
— Фермер хўжалигимиз қошидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш корхонамиз айни вақтда тумандаги 90 фоиз фермер хўжаликлари билан шартнома имзолаган, — дейди Хусниддин Каримов. – Бугунга келиб ер майдонларида етиштирилган карам, бодринг, булғор қалампири, помидор маҳсулотларини қабул қилиш ишларини жадал бошлаганмиз. Айни пандемия даврида корхонамиз фаолиятини карантин қоидаларига тўла амал қилган ҳолда олиб бордик. Тадбиркорларга яратиб берилган имтиёзлардан фойдаландик.
Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда тўпланган муайян тажрибани бошқа фермер хўжаликларида ҳам оммалаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Тўрт сотих томорқадан бир мавсумда 8 миллион даромад олиш режалаштирилди
Ишчи гуруҳ Асака туманида давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида амалга оширилган бир қатор муҳим ташкилий тадбирлар билан танишди.Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга томорқадан фойдаланиш ва шу орқали оила даромадини ошириш бўйича тавсия ва амалий кўмаклар берилди.
Муҳайёхон Тожибоева ёлғиз она. Асака тумани “Баҳрин” маҳалласидаги Ҳуррият кўчаси 72-уйда истиқомат қилади. Боқувчисини эрта йўқотгач, рўзғорнинг бор юкини елкасига олган аёл узум парваришига меҳр берган. Муқим иш жойи бўлмагач, бор эътиборини томорқасига қаратди. 4 сотихдан иборат томорқасида 30 туп узум, 2 туп ўрик, 3 туп гилос, 1 туп олма дарахтларидан олинаётган ҳосил оилага даромад олиб киришда асосий кўмакчи. 2,5 сотих узум қатор ораларида парваришланfётган картошка экинлари рўзғорнинг бир томонини кўтаряпти.
Ўтган йилда томорқа эгасининг астойдил саъй-ҳаракатлари яхшигина киримга сабаб бўлди. Етиштирилган 1 тонна узумнинг 1 килограммини 300 сўмдан харидорлар талашиб-тортишиб олишди. М.Тожибоева 3 миллион сўм даромадни ушбу йилда 8 миллион сўмга кўтариш режаси билан астойдил ҳаракат қилди. Қандай қилиб? 1,2 тонна узум, 500 килограмм картошка, 50 килограмм ўрик, 50 килограмм гилос ҳосилидан кўзланган даромад бу!

Парвариш қилинаётган 1 бош қорамолнинг сутга “кириши”га ҳали анча бор. Демак, айни вақтда хонадоннинг асосий даромади томорқа экинлари. Аммо меваларнинг пишиқчилиги ҳам бир зумда ўтади-кетади. Ерга совуқ тушиши билан оиланинг даромади йўқолиши табиий.
Демак, кўмак керак! Масъуллар фуқаронинг тортиниб айтолмаётган “дарди”ни яшаш шароитини ўрганиш асносида тез илғадилар. Имтиёзли кредит ҳисобига қуриб берилиши ваъда қилинган 1 сотихли иссиқхона оиланинг даромад манбаини ошириш мақсадини ўзида ифода этди.
1 сотихли иссиқхона, 100 та жўжа парвариши келгусида асакалик эҳтиёжманд оила даромадини оширишга хизмат қилади
Баҳром Муҳаммадиев Асаканинг “Баҳрин” маҳалла фуқаролар йиғинида 11 нафар кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Асосий даромад манбаи — томорқа экинлари. Хонадонидаги 4 сотихдан иборат томорқасида етиштирилаётган 50 туп анор, 2 туп гилос кўзни қувнатади. Дарахтлар ораларида картошкаю резаворлар бўй кўрсатиб турибди. Ерга астойдил меҳр берилиши яққол намоён.
Баҳром Муҳаммадиев ер билан тиллашавериб, ҳақиқий деҳқонга айланган. Аллақачон ҳосилидан олинадиган даромадини ҳисоб-китоб қилиб улгурган. Масалан, жорий йилдаги даромадини анор ҳосили ташкил қилади. 50 туп анор дарахтидан 250 килограмм ҳосил олишни ният қилган. Харидорлар 1 килограмини 5000 сўмдан сотиб олишади. Бу дегани 1 миллион 250 минг сўм маблағнинг оилага кириши, дегани. Аммо очиғи, бошқа ҳеч қандай кирим йўқ! Етиштирилаётган картошка ва кўкатлар рўзғордан ортмайди.
Фуқаро хонадонига амалий ёрдам керак. Айтайлик, иссиқхона фаолиятими... Томорқачиликнинг бошқа қайсидир йўналишидами, хуллас, доимий бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш жуда зарур. Ишчи гуруҳ аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Одинахон Отахонова ҳамда Бегали Қодировлар бу борада аниқ ташаббусларни илгари сурдилар. Хонадон томорқасига Б.Қодиров томонидан 1 сотихли иссиқхона қуриб бериладиган бўлган бўлса, О.Отахонова мазкур оилани ижтимоий ҳимояга олди.
-Анчадан буён иссиқхона қуриш хаёлида юргандим, — дейди Б.Муҳаммадиев. – Аммо сира рўзғор камларидан ортиниб, маблағ йиғолмаётгандим. Бугунги ташрифдан жуда хурсанд бўлдим. 1 сотихли иссиқхона фаолияти билан нафақат бандлигим таъминланади, даромадим ҳам ортади.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан фуқаро оиласига кўмак сифатида берилган 100 та жўжа парвариши ортидан ҳам яхшигина даромад топиш мумкин.
Фермер хўжалик қошида асаларичилик мутахассислари тайёрловчи ўқув маркази иш бошлади
Асакаликлар томорқадан унумли фойдаланишни яхши биладилар. Уларнинг тажрибалари, кўникмалари намуна қилиб кўрсатишга арзийди. Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили асаларичилик фермер хўжалиги бўлди. Тадбиркорнинг фикрлари ташаббусларга қанот бўлмоқда.
-Фаолиятимиз аввалида туманимиздаги асаларичилик билан шуғулланувчи аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. – дейди “Олтин асалари Агро” МЧЖ Дилмурод Чекалов. – Улар билан келишилган ҳолда асалари парвариши билан шуғулланувчи ишчилар ёрдамини берадиган бўлдик. Йил охирига келиб улардан маҳсулотни қабул қилиб оламиз. Ўз навбатида асални қайта ишлаб, қадоқлаб, ички ва ташқи бозорга йўналтирамиз.
Тадбиркор фаолиятини кенгайтириши натижасида янги ташаббуслар қанот ёзди. Масъулияти чекланган жамият қошида асалари парвариши билан шуғулланувчи махсус мутахассислар тайёрловчи ўқув маркази иш бошлади. Бу ерда таълим олувчиларнинг билим ва кўникмалари йўналишдаги ишларни ривожлантириш, янги замонавий технологияларни татбиқ қилиш билан оширилади.
Ўрганиш ишлари эндиликда партия вилоят Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан давом эттирилмоқда.
Зилола РАҲМОНОВА,
журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг