“Андижон”дан мағлубият, “Навбаҳор”дан ғалаба
Кеча, 12 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасида мухлислар 3 та ўйинга гувоҳ бўлишди.
Турнинг дастлабки ўйинида “Навбаҳор” клуби “Сурхон” жамоасини қабул қилди. Учрашув 2:0 ҳисобида номинал мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди.
Ўйинда ҳисоб 26-дақиқада Алекс Фернандес томонидан очилди. 78-дақиқада эса Ваня Илич “лочинлар”нинг иккинчи голини киритди. Шу тариқа ўйин Тимур Кападзе жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
Куннинг иккинчи ўйинида эса “Локомотив” жамоаси Самарқандда “Динамо” меҳмони бўлди. Учрашувда ҳисоб 34-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов томонидан очилди. Орадан 7 дақиқа вақт ўтиб, Темурхўжанинг ўзи “Локомотив”нинг иккинчи голини киритди. Иккинчи бўлимнинг 66-дақиқасида Азизбек Амонов ҳисобни биттага қисқартирди. Шу тариқа ўйин Тошкент клубининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Кунни якунлаб берган баҳсда эса “Андижон” жамоаси ўз майдонида ОКМК билан куч синашди. Учрашув меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда ҳисоб 29-дақиқада Нодирбек Абдураззоқов томонидан очилди. 36-дақиқада эса Урош Койич жамоасининг иккинчи тўпини киритди. Иккинчи бўлимнинг 86-дақиқасида Иброҳим Йўлдошев “Андижон”нинг ягона жавоб голига муаллифлик қилди. Шу тариқа ўйинда Миржалол Қосимов бошқарувидаги жамоа ғалаба қозонди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг