Андижонда юз нафар хотин-қиз IT йўналишида таълим олди

11:39 13 Октябр 2022 Жамият
503 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон шаҳридаги Рақамли технопаркда хотин-қизларни IT йўналишига жалб этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ушбу мутахассисликни эгаллашларига кўмаклашиш мақсадида хайрли ишга қўл урилди. Уч ой давомида юз нафар опа-сингилларимиз бу ерда таҳсил олиш билан бирга энг замонавий ва бозоргир дастурларни ўзлаштиришга муваффақ бўлдилар.

— Бугунги кунда замонавий касбларни ўзлаштириш мамлакат тараққиётининг асосий мезонларидан бирига айланиб бормоқда, —дейди технопарк раҳбари Зиёдилло Саматов. — Жумладан, ёшларни IT йўналишига жалб этиш орқали катта иқтисодий имкониятларни ишга солиш мумкин. Бу борада вилоятда ибратли ишлар, истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Бироқ унда асосан эркакларнинг иштирок этиши хотин-қизлар ўртасида айни соҳада амалий лойиҳаларни ишлаб чиқишни тақозо этди. Бундан уч ой муқаддам янги лойиҳа эълон қилингач, 600 нафардан зиёд номзодлар мурожаат қилдилар. Улар орасидан 100 нафари танлаб олиниб, дастлабки кўникмалар берилди.

Қувонарлиси шундаки, тингловчилар ушбу машғулотлар давомида соҳага оид билим олиш билан бир қаторда дастурлаш бўйича ҳам ўз билимларини оширди. Ҳозирга келиб уларнинг аксарияти ўз буюртмачисига эга. Келгусида Андижонда ушбу лойиҳа доирасида яна 200 нафар опа-сингилларимиз IT йўналишида сабоқ олишлари режалаштирилган.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер