Андижонда юк вагонлари ва цистерналар ишлаб чиқарилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш корхоналарида маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали юқори иш самарадорлигига эришилмоқда. Мисол учун, “Андижон механика заводи” шўба корхонасида юк вагонлари ва цистерналар ишлаб чиқарила бошлангач, ҳамкор давлатлар сони 10 тага етди.

— Бундан етти йил муқаддам корхонамизда юк вагонларига техник хизмат кўрсатилар эди, холос, —дейди корхона раҳбари Зайнобиддин Аюбжонов. –Бугунги кунга келиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни пайтда Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатлари учун юк вагонлари тайёрланмоқда. Тез кунларда Россия давлати билан ҳам маҳсулот етказиб бериш юзасидан ўзаро шартнома имзолаш арафасидамиз.

Маҳаллийлаштириш дастури асосида фаолият олиб борилётгани туфайли корхонада маҳсулот таннархи арзонлашиб, иш ҳажми муттасил ошиб бормоқда. Корхонада меҳнат қилаётган 240 нафар ишчининг Россия Федерацияси ҳамда Белоруссиядаги турдош корхоналарда тажриба алмашиб қайтгани эса уларнинг маҳоратини янада оширди. Натижада йилнинг шу даврига қадар 3 миллион долларлик экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, хорижга жўнатилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг