Андижонда талабалар учун тураржой масаласи қай ҳолатда?

19:03 04 Сентябр 2023 Жамият
572 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бугундан янги ўқув йили бошланди. Ўқувчилар соғинган мактаби сари ошиқаётган бир пайтда айрим талабалар муаммолар гирдобида қолганлиги ҳам рост. Боиси, ҳар йилгидек ётоқхона масаласидаги саволларга тўлиқ ечим топилгани йўқ. Бироқ, сезиларли ўзгаришлар ҳам мавжуд. Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Андижон вилоятида ташкил этилган пресс тур шу мавзуга бағишланди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Андижон давлат университетида бўлдилар. Бу ерда 7 минг 705 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улардан 3 минг 532 нафари турар жой билан таъминланган. Бунинг учун университетда 6 та ётоқхона фаолият кўрсатяпти. Яқинда қуриб фойдаланишга топширилган давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият юритувчи ётоқхона яна 600 нафар талабаларни ўз бағрига олди. 4 ва 6 ўринли хоналарда дарс тайёрлаш, дам олиш ва овқатланиш учун етарли шароит мавжуд. Шу билан бирга ҳар бир қаватда умумий дам олиш, ювиниш, овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш хоналари, ҳожатхона мавжуд бўлиб, энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланган. Бундан ташқари мавжуд 710 ўринли ётоқхонада таъмирлаш ишлари олиб борилиши туфайли қулай шароитлар яратилди. Ҳозирда 1050 ўринга мўлжалланган янги тураржой биноси қурилиши давом этмоқда.

Фото: “Халқ сўзи”

Андижон давлат тиббиёт институтида салкам 10 минг нафар ўғил-қизлар сифатли таълим билан таъминланган. Ётоқхонада эҳтиёжманд талабалар учун 4 та тураржой мавжуд. Уларда 1554 нафар ёшлар истиқомат қилишмоқда.

— Талабалар тураржой мажмуасида нафақат, яшаш учун, балки дарсдан ташқари вақтларда спорт, фан ва маданият билан шуғулланишлари учун қулайликлар мавжуд, — дейди институт ахборот хизмати раҳбари Ойжамол Раҳмонова. — Ҳудуд хавфсизлиги замонавий камералар орқали назоратга олинган. Кириш ва чиқиш ҳаракатлари махсус дастур орқали рўйхатга олинганлиги боис қайси талабанинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотлар базаси мавжуд. Яқинда хорижлик талабалар учун миллий ошхона барпо этилди. Бир сўз билан айтганда, истиқомат қилувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган.

Фото: “Халқ сўзи”

Андижон машинасозлик институтида талабаларни ётоқхона билан таъминлашда ягона электрон тизим ишлаб чиқилган. У орқали ариза бериш, талабалар турар-жойи, шахсий хонадон ёки меҳмонхоналардан жой банд қилиш, тўловни амалга ошириш мумкин. Тизимда талабага оид маълумот ва унинг тураржой билан таъминланганлик ҳолати автоматик тарзда шакллантирилади ва ҳар бир ҳаракат юзасидан мурожаатчининг телефон рақамига ёзма равишда хабар юборилади.

— Институтимизда 1 минг 170 ўринли талабалар ётоқхонаси мавжуд, — дейди институт ахборот хизмати раҳбари Умиджон Мамарасулов. — Бироқ, ижара хонадонларда яшашни хоҳловчилар ҳам йўқ эмас. Шу боис шахсий хонадонлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, жорий ўқув йили бошида 400 ўринли ижара уйлар рўйхати талабаларга тақдим этилди. 398 нафар мурожаат қилган йигит-қизларнинг барчаси тураржой билан таъминланди. Ҳозирда яна ўнлаб ижара уйлар рўйхати мавжуд бўлиб, талабалар истаган пайтида турар-жойини ўзгартириш имконига эгалар.

Фото: “Халқ сўзи”

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу йил Андижон вилоятида талабалар тураржой масаласида муаммога дуч келмадилар. Ўқув йили бошланмасидан аввал мавзуга доир барча масалалар ижобий ҳал этилди. Қурилиш ишлари давом этаётган янги лойиҳалар эса келгуси ўқув йилидан бошлаб ижара хонадонларда яшовчи фарзандларнинг ҳам талабалар турар-жойларига кўчиб ўтиш имконини беради.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер