Андижонда сув ҳавзалари атрофида ердан самарали фойдаланиш тажрибаси кенгаймоқда

10:53 29 Январь 2026 Жамият
276 0

Андижон вилоятида табиий сув ҳавзалари ҳимоя зоналари ҳамда сув фонди ерларидан самарали фойдаланиш йўналишида олиб борилаётган ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Хусусан, «Норин – Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги ёрдамчи хўжаликларда қарийб 20 минг бошдан ортиқ қорамол, қўй-эчки ва парранда парваришланмоқда. Шунингдек, балиқчилик хўжаликлари ташкил этилган, юзлаб асалари қутилари жойлаштирилган.

Бу каби фаолият сув ҳавзалари атрофидаги ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва мавжуд имкониятларни иқтисодий айланмага киритишга хизмат қилмоқда.

— Имкониятларимиз шу билан чекланиб қолмайди, — дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Шуҳратбек Эргашев. — Айни пайтда салкам 200 гектар майдонга ғалла, сабзавот, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини экиш режалаштирилган. Бу орқали ердан унумли фойдаланиш таъминланиб, хўжалик фаолияти барқарор тус олади.

Мазкур ишлар нафақат қўшимча даромад манбаларини яратиш, балки аҳолини сифатли ва нисбатан арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоқларини диверсификация қилишга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, соҳилбўйи ҳудудларида кўкаламзорлаштириш, дарахт кўчатлари экиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу ерларни мустаҳкамлаш, эрозиянинг олдини олиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, сув фонди ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш орқали Андижон вилоятида иқтисодий манфаатлар билан атроф-муҳит муҳофазаси ўзаро уйғун ҳолда таъминланмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер