Андижонда сайёр судлар ўтказилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Андижон шаҳридаги қонунбузарлик даражаси юқори бўлгани учун “Қизил” тоифага киритилган 15 та маҳаллада сайёр суд давом этмоқда.
Ана шундай сайёр судлардан бири “Мирпўстин” маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб ўтди. Маҳаллада 5442 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда ахлоқ тузатиш бўйича жазоланган 18 нафар шахс рўйхатда туради. Бу ерда бўлиб ўтган сайёр суд давомида аҳолига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилибгина қолмасдан, фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тингланди. Аксарият сўровлар шу жойнинг ўзида ижобий ечим топганлигидан аҳоли мамнун бўлди.
— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жиноят содир этган шахсларнинг 90 фоизини эркаклар ташкил этсада, қолган 10 фоизи вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ҳисобига тўғри келмоқда, — дейди жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг раиси Улуғбек Каримов. — Бу ачинарли, албатта. Зеро, қонунчиликда катта-кичик рақамлар бўлмайди. Сабаби, ҳар қандай катта жиноят ҳам кичик сабаблардан бошланади. Шу боис маҳалла аёлларининг аксарияти уйда ўтиришини инобатга олган ҳолда хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган тарғибот ишларини ҳам олиб боряпмиз.
Сайёр судлар, нафақат, Андижон шаҳридаги маҳаллаларда, балки, вилоятнинг “Қизил” тоифага мансуб ҳар бир ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Мақсад жойларда юзага келаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши қатъий курашишдан иборат.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг