Андижонда павлония гуллади
Дунёда шундай гўшалар борки, у ерларда муайян дарахтлар нафақат табиатнинг бир бўлаги, балки сайёҳларни ўзига ром этувчи жозибага айланган. Масалан, Японияда сакура гуллаган палла бутун мамлакатни гўё пушти рангга буркаб, миллионлаб меҳмонларни жалб этади. Германиянинг айрим ҳудудларида олча гуллаши ҳам баҳор фаслининг ўзига хос тимсоли сифатида намоён бўлади. Жанубий Корея, Франция, Туркия каби давлатларда гуллаган дарахтлар атрофида сайёҳлик муҳити шаклланган. Энди бу рўйхатга Андижон ҳам муносиб қўшилмоқда.
Айни кунларда Андижон вилояти кўчаларида павлония дарахтлари қийғос гуллаб, баҳорнинг ажиб манзарасини намоён этмоқда. Кўк ва бинафша тусга яқин қўнғироқсимон гуллар шаҳарга ўзига хос латофат бағишламоқда. Ушбу гўзал манзарани томоша қилиш учун нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистондан, ҳатто Россия Федерациясидан ҳам сайёҳлар ташриф буюраётгани эътиборга лойиқ. Бу эса павлониянинг нафақат манзарали, балки туризм учун ҳам катта имконият эканини кўрсатади.
— Павлония дарахти жуда тез ўсувчи ва юқори экологик самарадорликка эга ўсимлик ҳисобланади, — дейди вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходими Лочинбек Исомиддинов. — У бир йилда ўртача 3–5 метргача ўсиши мумкин. Энг муҳим жиҳати, бу дарахт катта ҳажмда кислород ажратиб, атмосферани тозалашга хизмат қилади. Илмий маълумотларга кўра, павлония бир гектар майдондаги бошқа кўплаб дарахтларга нисбатан бир неча баробар кўпроқ кислород ишлаб чиқаради. Шунингдек, у карбонат ангидридни фаол ютиб, иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. У иссиқликка чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради. У +40 даража ва ундан юқори ҳароратларга ҳам бардош бера олади, бу эса Ўзбекистон иқлими учун жуда мос келади. Дарахтнинг ёғочи енгил, мустаҳкам ва қайта ишлашга қулай бўлгани учун мебелсозлик, қурилиш, автомобилсозлик, кемасозлик ҳамда қоғоз саноатида кенг қўлланилиши мумкин.

Сўнгги йилларда Андижон вилоятида павлония экиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кейинги олти йил давомида ушбу дарахт кўчатлари кенг кўламда экилиб, бугун вилоятнинг деярли барча шаҳар ва туманларида унинг барқ уриб ривожланаётганини кузатиш мумкин. Кўчалар, боғлар, маҳаллалар ва ижтимоий объектлар атрофида минглаб павлония кўчатлари парвариш қилинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, павлония нафақат манзарали дарахт, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали лойиҳа ҳисобланади. У тез ўсиши сабабли қисқа вақт ичида хомашё манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, шаҳар муҳитини соғломлаштириш, ҳаво сифатини яхшилаш ва аҳолига қулай яшаш шароитини яратишда муҳим омилдир.
Хулоса қилиб айтганда, бугун павлония дарахти Андижон вилоятида нафақат баҳор тимсоли, балки туризмни ривожлантириш, экологик мусаффоликни таъминлаш, ижтимоий муҳитни яхшилаш ва иқтисодий салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилаётган муҳим омилга айланмоқда. Унинг гуллаган фасли эса табиат ва инсон ўртасидаги уйғунликни яна бир бор намоён этади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг