Андижонда павлония гуллади
Фото: «Халқ сўзи»
Бугун Андижон вилояти, айниқса, вилоят маркази ўзгача қиёфада. Боиси, кўкламга сержило оро бергувчи павлония дарахтлари қийғос гуллади. Узоқ Шарқ, Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида ўсувчи ушбу дарахт бундан беш-олти йил муқаддам Андижон вилоятида ҳам оммалаша бошлади. Сабаби, у мавжуд дарахтлар орасида энг тез ўсувчанлик хусусияти билан бир қаторда қимматли ёғоч, асал, биомасса манбаи эканлиги билан қадрлидир. Саноатда ўз аҳамиятига молик ушбу дарахт фусункор манзараси билан ҳам ажралиб туради. Шу боис у Шимолий Америка ҳамда кўплаб Европа мамлакатларида маданият ва истироҳат боғларига кўрк бериб келмоқда.
— Павлония дунёдаги энг тез ўсар дарахт ҳисобланади, — дейди Табиат ресурслари вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси ходими Лочинбек Исомиддинов. — Биринчи йилнинг ўзидаёқ беш метргача бўй чўзади ва шу йилнинг ўзида ҳар бир тупи бир тоннагача биомасса беради. Гули бир ой давомида тўкилмайди ва ундан косметика соҳасида кенг фойдаланиш мумкин. Хорижда ифоридан атир ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бир туп дарахтнинг ўзидан 15. кг.гача асал олса бўлади. Танаси оловга бардошли бўлиб, 450 градусгача ёнмайди. Бу жиҳати бошқа дарахтларга нисбатан тенг баробар ортиқдир. Шу билан бирга кўмир ўрнида фойдаланса бўлади. Кўмирдан афзал томони ўзидан кул қолдирмайди. Саноатда энг қиммат тахта хом ашёси ҳам павлониядан олинади. Кемасозликда кенг қўлланилишининг ўзиёқ унинг қадри нечоғли юксак эканлигидан далолатдир. Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси павлония дарахтини янада оммалаштирмоқда. Ҳудуд экологик муҳитини яхшилашга сезиларли даражада таъсир этувчи хусусияти барчани кўчат экиш мавсумида фаол иштирок этишга ундамоқда. Жумладан, «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан ҳам павлония плантацияси яратилди.
— Ўтган йили «Янги Андижон» массивидаги ҳали ўзлаштирилмаган адирликда 30 сотих майдонга 150 туп павлония кўчатларини ўтқаздик, — дейди жамият ходими Марҳабохон Насриддинова. — Алоҳида эътибор, парваришга муҳтож эмаслиги туфайли барча кўчатлар бенуқсон ўсяпти. Афзаллик жиҳатларини инобатга олган ҳолда бу йил ҳам шаҳар ва туманлардаги филиалларимиз майдонига 2000 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди ва уларнинг аксариятини павлония ташкил этди.
Павлония кўчатлари етиштирувчи мутахассисларнинг маълум қилишларича, учинчи йилдан бошлаб унинг танасидан турли мақсадларда фойдаланиш мумкин. Мебелсозликда қимматли хом ашё бўлиш билан бир қаторда баргидан озуқа сифатида ҳам фойдаланса бўлади. Илдизидан япроғигача фойда келтирувчи бу дарахт айни пайтда Андижон шаҳрига ўзгача файз киритмоқда. Ёз фаслида салқин ҳароратни таъминлаши билан ҳудуд иқлимига ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти.
— Андижон вилоятида ҳар йили ўртача 20 минг туп Павлония дарахтлари кўчатлари ўтқазилмоқда, — дейди суҳбатдошимиз, эколог Лочинбек Исомиддинов. — Бугунги кунга келиб уларнинг сони 500 минг тупдан зиёд. Ҳар йили давом этаётган кўкаламзорлаштириш ҳаракатлари бу рақамлар сони келгусида кескин ортишидан далолатдир.
Бир сўз билан айтганда, энди Андижоннинг баҳорини павлониясиз, павлонияни эса Андижонсиз тасаввур этиш мушкул.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг