Андижонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар элликдан ошиқ давлатга экспорт қилинмоқда

12:55 16 Январь 2023 Жамият
499 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилоятида 2022 йил давомида 750 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, белгиланган йиллик режа 120 фоизга бажарилди. Аҳамиятли томони шундаки, 267 та корхона илк бор экспорт фаолиятини йўлга қўйиб, 181,6 млн. доллар миқдоридаги маҳсулот хорижий ҳамкорларга етказиб берилди. Биринчи марта экспорти ташкил этилган сочиқ, пальто, жинси каби 12 турдаги янги маҳсулот чет эллик харидорлар томонидан юқори баҳоланди.

— Корхонамизда жинси матосидан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, — дейди Андижон шаҳридаги “Bobur HBK” МЧЖ раҳбари Хайрулло Исмоилов. — Маҳсулотимизнинг 90 фоизи Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Бир йилда 1,5 млн. дона 250 турдаги кийим-кечаклар тайёрламоқдамиз. Европа давлатларида ҳам маҳсулотимизга бўлган талабнинг ортиши натижасида йиллик ишлаб чиқариш қувватини 3 млн. 120 минг донага етказишни режалаштирганмиз. Бу экспорт ҳажмини 31.2 млн. долларга етказиш имконини беради.

Экспорт салоҳияти ҳамда экспортбоп маҳсулотлар сони ва турининг ортиши харидор мамлакатлар сафининг ортишига ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳозирга келиб вилоятда экспорт географияси Испания, Голландия, Шимолий Македония, Словакия, Буюк Британия, Тайван, БАА каби давлатлар ҳисобига янада кенгайиб, уларнинг сони 53 тага етди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер