Андижонда ишлаб чиқарилаётган инсулин Афғонистонга экспорт қилинади
Фото: “Халқ сўзи”
Аввал хабар берилганидек, Андижон туманидаги ”Zamin Bio Health” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган инсулин ички бозорни таъминлашда қўл келмоқда. Яқин кунларда шу турдаги маҳсулотни Афғонистонга экспорт қилиш мўлжалланяпти.
Туманда ўтказилган Пресс-турда маълум қилинишича, корхона бир йилда 10 миллион дона идишда маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Бу борада БАА, Дания каби давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ижобий самара бермоқда. Яқин истиқболда яна бир нечта дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб борилаётир.
— Бу корхона 2015 йили ташкил этилган бўлиб, дастлаб биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилган, — дейди корхона бош менежери Хуршидбек Юсупов. — 2019 йилдан бошлаб эса инсулин дори воситасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда ички бозорни уч хил турдаги ушбу восита билан таъминлаяпмиз.
Айни пайтда корхонада 85 та доимий иш ўрни яратилган. Маҳсулот турини кўпайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг