Андижонда гумонланувчи эр хотинининг бўйнига пичоқ уриб ўлдирди

11:52 05 Июль 2025 Жамият
434 0

Андижон шаҳрида оилавий жанжал оқибатида аёл киши вафот этди. Маълумотларга кўра, 2025 йил 4 июль куни соат 09:30 ларда Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро ўз турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолган.

Ўрикзор маҳалласи ҳудудида содир бўлган низо вақтида эркак киши 1982 йилда туғилган рафиқасининг бўйин қисмига хўжалик пичоғи билан зарба берган.

Оғир тан жароҳати олган аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳодисадан сўнг гумонланувчи шахс воқеа жойидан яшириниб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчини қидириш ишлари бошланган.

Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчи Андижон вилояти Олтинкўл тумани Кўмакай маҳалласи ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда шахс процессуал тартибда қамоққа олинган бўлиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер