Андижонда фуқаронинг аризаси эътиборсиз қолдирилиб, иш «ёпди-ёпди» қилиндими?
Фото: Telegram
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Олтинкўл туманда бир фуқаро таниши томонидан калтаклангани, орадан 2 ой ўтганига қарамай, унга тан жароҳати етказган шахсга чора кўрилмаётгани ҳақида ёзма мурожаат тарқалди.
Фуқаро мурожаатида келтирилишича, жорий йилнинг 6 март куни Олтинкўл туманидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаси ҳудудида М.Э.га олдиндан таниш бўлган И.З. уни ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб бурнини синдирган.
Шундан сўнг жабрланувчи Андижон вилоят Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Эртаси куни М.Э. ҳолат бўйича Олтинкўл тумани ИИБ профилактика инспекторига И.З.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб ариза билан мурожаат қилган. Бироқ мазкур мурожаат орадан узоқ вақт ўтишига қарамай қаноатлантирилмаган.
«Мана бугун 13 май, орадан 2 ой 7 кун вақт ўтди, лекин аризам бўйича ҳеч қандай чора кўрилгани йўқ», деб ёзган жабрланувчи.
Андижон вилояти прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, М.Э.нинг мурожаат бўйича Олтинкўл туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, жорий йилнинг 10 май куни фуқаро З.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда туман ИИБ томонида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
«Тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган бўлиб, ишга оид барча ҳолатлар ўрганилиб қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади расмий муносабатда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг