Андижонда ерга илк чигит қадалди
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилоятининг Марҳамат, Булоқбоши, Олтинкўл туманларидаги пахта майдонларида чигит экиш бошланди.
— Бу йил Булоқбоши туманида 2 минг 585 гектар майдонга «Андижон 35» навли чигит экишни режалаштирганмиз, — дейди туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров. — Хабарингиз бор, 1997 йилдан бошлаб вилоятимизда плёнка остига чигит экиш технологияси кенг оммалашган. Бу экиннинг тез униб чиқиши ва баҳорги салқин ҳароратга чидамлилигини ошириш билан бир қаторда юқори ҳосил олиш гаровидир.
Марҳамат туманида чигит экиш мавсуми Т. Мирзаев номидаги массивда жойлашган «Ойдин йўл» фермер хўжалигидан бошланди. Дастлаб фермер хўжаликлари раҳбарлари ва механизаторлар иштирокида ўтган амалий семинарда ушбу агротехник юмушни сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида сўз борди.

Олтинкўл туманида мавжуд 144 та фермер хўжалиги аъзолари иштирокида ўтган мавсумолди тадбирида тайёргарлик ишлари таҳлил қилинди. Шундан сўнг қисқа муддат ичида чигит экиш амалиётини тез ва унумли бажариш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди ва ерга илк чигит қадалди.
Вилоят бўйлаб фермер хўжаликларида чигит экиш ишлари қизғин паллага кирмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг