Андижонда “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

20:34 22 Август 2023 Жамият
484 0

Фото: «Халқ сўзи»

Андижон шаҳрида “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтган ушбу тадбир доирасида танловга тақдим этилган асарлар кўргазмаси ташкил этилди.

— Ундан ўрин олган расмлар, фотолавҳалар, мақолалар, телекўрсатувларда Андижон вилоятида сўнгги бир йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ўз ифодасини топган, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Махпурахон Ортиқова. — Асарлар жараённи шунчаки ифода этмаган, балки, мазмун ва моҳияти жиҳатидан маънавиятимизни юксалтиришга ҳам катта ҳисса қўшади. Сабаби, аксарият ижод маҳсуллари ўзига хос, янгича, бугунги кун талаб ва эҳтиёжига мос йўналишларда яратилган.

Бу йилги танловда вилоятдан 150 нафар ижодкор ўзларининг 428 та материали билан иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати босма ОАВ, телевидение ва радио, интернет журналистикаси, тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари, шунингдек, бадиий ижод намуналари орасидан 15 нафар иштирокчи асарини юқори баҳолади.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон “Тасвирий ойина” уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов, Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов танловнинг йилдан-йилга мазмун ва моҳияти, иштирок этувчилар ҳамда ижод намуналари сонининг ортиб бораётганлиги, бу эса ижодкорлар фаолиятини шакллантиришда ижобий натижа бераётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Анжуман якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер