Андижонда дунёда муқобили йўқ вагон ишлаб чиқарилди
Андижон вилоятида саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган янги ишланма яратилди. “Андижон механика заводи” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан натрий каби ўта фаол кимёвий моддани ташиш учун мослаштирилган махсус темир йўл вагони ишлаб чиқарилди. Мазкур вагон “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси эҳтиёжлари учун тайёрлангани билан аҳамиятлидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, натрий ҳаво ва намлик билан тез реакцияга киришувчи кимёвий модда бўлгани боис уни ташишда алоҳида хавфсизлик чоралари талаб этилади. Шу сабабли вагон конструкциясида герметиклик, махсус ҳимоя тизимлари ва технологик талабларга қатъий риоя этилган. Бу эса хавфли кимёвий юкларни темир йўл орқали хавфсиз ва барқарор ташиш имкониятини яратади.

Янги турдаги вагон ишлаб чиқарилиши мамлакатимизда юқори технологияли саноат маҳсулотларини яратиш борасидаги имкониятлар кенгаяётганини кўрсатади. Бу каби ишланмалар саноат корхоналари ўртасидаги логистика жараёнларини самарали ташкил этиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва миллий муҳандислик салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг