Андижонда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85,1 фоизга етди

19:51 29 Декабрь 2022 Жамият
787 0

Фото: Халқ сўзи

Ортда қолаётган йиллар «Андижон сув таъминоти» МЧЖ учун ҳамиша залворли, масъулиятли бўлган. Боиси, ҳар бир йилнинг ўзига яраша юки, паст-баланди бор. Жумладан, 2022 йил корхона жамоаси учун ҳудудларни сувлаштириш кўламини орттириш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш йили бўлди, десак хато бўлмайди. Сабаби, вилоятда 3 млн. 300 минг нафар аҳолининг 84,2 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган ва қолган 15,8 фоизи, яъни 521 минг нафар андижонлик таъминотнинг муқобил туридан фойдаланиб келаётган эди.

— Йил давомида 767 минг 500 метр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 10 дона сув иншооти ва 128 дона сув қудуғини қуриш, таъмирлаш ишлари бажарилди, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ бош муҳандиси Ҳумоюн Алимов. — Бу 93,6 минг нафар аҳолининг илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланишига, 286 минг нафар истеъмолчининг таъминоти яхшиланишига сабаб бўлди. Ҳозирга келиб аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85,1 фоизга етди.

Ҳудудларни сувлаштириш, шу орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларининг аҳамияти катта бўлмоқда. Вилоятда ушбу дастурлар ижросини таъминлаш доирасида 75,4 мрлд. сўм маблағ эвазига 224 минг 700 метр ичимлик сув тармоғини ўрнатиш ҳамда 39 дона сув иншоотларида қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

— Бобур номидаги, Нурли ҳаёт, Шифокор кўчаларида собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган сув қувурлари чириб, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолгани туфайли узоқ йиллар давомида ичимлик суви таъминотида узилишлар бўлди, — дейди Улуғнор тумани Бобур номидаги МФЙ ҳоким ёрдамчиси Нигорахон Жабборова. — Бу давр орасида шу учала кўчада яшовчи маҳалладошларимиз 1,5 км масофадан сув ташиб келишларига тўғри келди. Бугунги кунга келиб «Орзудаги хонадон» МЧЖ томонидан маҳалламизга янги сув қувури тортилиб, мавжуд сув қудуғида таъмирлаш ишлари бажарилди. Натижада ҳар бир хонадонга «оби ҳаёт» кириб келди.

Маълумотга кўра, бу йўналишдаги ишлар кўлами 2023 йил давомида янада ортади. Зеро, давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 октябрь куни қабул қилинган «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида 473 та маҳалла ободонлаштирилади. Жумладан, 272 та объектда тоза ичимлик суви таъминотига доир 250 млрд. сўмлик лойиҳа ишлари бажарилади. Қолаверса, «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га мувофиқ Андижон вилоятидаги 23 та маҳаллада 10,8 км сув қувури тортилади, 12 та насос ўрнатилиши билан 2 ярим мингдан зиёд аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер