Андижонда 80 минг нафар ишсиз фуқаро учун доимий даромад манбаи яратилди
Иллюстратив фото
Андижон вилоятида қишлоқ жойларда яшовчи аҳолининг турмуш даражасини ошириш, бунда ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар учун доимий даромад манбаини яратиш борасидаги амалий чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Мисол учун, бир пайтлар ижтимоий аҳволи ночорлиги боис «Ёшлар дафтари»да турган қўрғонтепалик Абдуфаёз Ҳакимовга ўтган йили деҳқончилик қилиши учун 10 сотих ер майдони ажратилган эди.
— Февраль ойи охирларида бу ерга картошка экдим, — дейди Абдуфаёз. — Унинг ортидан мош, кунгабоқар уруғларини қададим. Илк йилдаёқ 15 миллион сўм даромад топдим. Орттирган фойдамга ўзимнинг томорқамда иссиқхона барпо этдим. Унда помидор экиб, 12 миллион сўм фойда кўрдим. Айни пайтда бўшаган майдонда саримсоқпиёз парваришлаяпман. Шунинг ўзидан яна 15-16 миллион сўм даромад олишни режалаштирганман. Бир сўз билан айтганда, энди йил-ўн икки ой ишлиман, шунга яраша қўлим пул кўряпти, бировдан кам эмасман. Оиламга, жамиятга нафим тегяпти. Бундан, албатта, жуда ҳам хурсандман.
Айтиш ўринлики, 2021 йилда вилоятда 26 минг 527 нафар меҳнатга лаёқатли ва ишсиз фуқарога қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 2 минг 736 гектар ер майдони тақсимлаб берилган эди. Натижа кўзланганидан ҳам самаралироқ бўлди. Яъни ҳар бир ер эгаси ўша йилнинг ўзида камида 12-15 млн. сўмдан даромад эгасига айланди. Шу боис 2022 йилда бу ташаббус кўлами икки баробарга ортди. Айни пайтга келиб Андижон вилоятида 80 минг нафар ҳамюртларимиз тақсимлаб берилган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, даромад топмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг