Андижон вилоятида 25,7 минг нафар аҳоли хонадони илк бор оқова сув тармоғидан фойдалана бошлади

18:07 14 Июнь 2023 Жамият
512 0

Фото: “Халқ сўзи”

Андижон вилоятининг энг чекка ҳудудларида ҳам маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга доир ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Жумладан, Жалақудуқ туманида 18 минг нафар аҳоли хонадонлари ва ўнлаб ижтимоий объектлар канализация тармоғига уланади.

— Бунинг учун 600 м3 қувватга эга бўлган тозалаш иншооти, насос станцияси ва 8 километрдан иборат тармоқ тортиш ишлари олиб бориляпти,—дейди Жалақудуқ тумани ҳокимининг ўринбосари Акромжон Комилов. –Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, “Туялас”, “Шархончеки” ва “Қиличмозор” МФЙларида ҳам канализация тармоғига уланиш имконияти яратилади.

Андижон вилояти мисолида айтадиган бўлсак, ҳудудда юзлаб янги турар-жой бинолари қад ростлади. Бунинг натижасида оқова сув тармоғини тортиш билан боғлиқ 131 млрд сўмлик лойиҳа ишлари амалга оширилди. 91 километрдан иборат тармоқ ва 6 дона иншоотда қурилиш, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Қувонарлиси шундаки, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 25,7 минг нафар аҳоли хонадони илк бор оқова сув тармоғидан фойдалана бошлади. Яроқсиз қувурларни янгилаш, фаолият муддатини узайтириш орқали 70 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси яхшиланди. Эътиборли томони шундаки, бир пайтлар вилоят марказидагина мавжуд бўлган канализация тармоғи эндиликда туман ва шаҳарлар миқёсида ҳам барпо этилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер