Андижон шаҳар ҳокимлиги тадбиркорнинг бузилган мулки учун 3,1 млрд сўм тўлайдиган бўлди

12:52 04 Май 2023 Жамият
728 0

Архив фото

2019 йилда Андижон шаҳридаги “Янги деҳқон  бозори”  АЖнинг ер тўла ҳудудида мавжуд бўлган 18 та савдо дўконлари бузиб ташланганди. Бунинг  учун  2017 йилнинг  7 апрель ва 3 май кунлари Андижон шаҳар ҳокимининг қарорлари қабул қилинган. Иншоотлар “Андижон қурилиш монтаж кўрки” МЧЖ мулки ҳисобланиб, бунинг учун барча ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.

Шу боис Андижон шаҳар ҳокимлиги 2019 йилнинг ноябрь ойида тадбиркор билан бузилган иншоотлар юзасидан ўзаро келишувга асосланган шартномани имзолашига тўғри келди. Унга биноан ҳокимлик мулк эгасига бузилган бино-иншоотлар учун товон, яъни компенсация сифатида  ҳар бири 400,0 кв. метрдан иборат бўлган 20 та ер участкаси ажартишга келишилган.

Афсуски, Андижон шаҳар ҳокимлиги шартномани бажармади. Шу боис тадбиркор Андижон шаҳар Адлия бўлимига мурожаат қилишига тўғри келди. Бироқ, ортда қолган давр мобайнида ер майдони билан боғлиқ қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар юзага келди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга биноан  эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралар, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки бошқа йўл билан тасарруф қилиш бўйича ҳеч қандай ваколатга эга эмас.

Бундай ҳолларда тадбиркорнинг манфаати қандай ҳимоя қилинади? Унга ажратилиши керак бўлган ер майдони юзасидан ҳуқуқий ечим борми ўзи? Ахир, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шасхларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги  Низомда бу борада мулкдорга етказилган зарар қоплаб берилиши қайд этилганку?

Шу боис, Андижон шаҳар Адлия бўлими томонидан тадбиркор тасарруфида бўлган ва ҳокимлик томонидан бузиб ташланган ер майдонининг қийматини ўрганиш бўйича тегишли идораларга мурожаат қилинди ва мутахассислар томонидан ҳар бири 400,0 км. метрдан иборат бўлган 20 та ер участкасининг умумий нархи 3 миллиард 131 миллион 820 минг 388 сўм этиб  белгиланди. Андижон шаҳар ҳокимлиги мулк эгасига шу қийматдаги товон пулини тўлайдиган бўлди.

Азизбек РАУПОВ, Андижон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер