Андижон бозорларида рақамлаштириш яширин иқтисодиётни қисқартирмоқда

11:27 04 Март 2026 Жамият
289 0

Андижон вилоятидаги 39 та бозор ва савдо мажмуаларида сунъий интеллект ҳамда замонавий IT-технологияларни жорий этиш орқали иқтисодий муносабатларда шаффофлик таъминланмоқда. Бу эса яширин иқтисодиётни қисқартириш, эркин ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Тизимли ислоҳотлар натижасида 2025 йилда бозорларда кунлик тушумлар 61 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 12 миллиард сўмга ошди. Солиқ тушумлари эса 2 миллиард 121 миллион сўмга кўпайди. Айниқса, 11 та бозор атрофидаги автотураргоҳларни рақамлаштириш орқали тушумлар қарийб 300 фоизга ортгани соҳадаги шаффофликнинг ошганидан далолат беради.

— Рақамлаштириш бозорнинг «калитини топишдек» бўлди, — дейди Андижон шаҳри марказий деҳқон бозорида фаолият юритаётган тадбиркор Гулхаё Иброҳимова. — QR-код орқали тўловларни онлайн амалга ошириш жуда қулай. Илгари турли баҳоналар билан тўловдан қочиш ҳолатлари учраб турарди, нақд пулнинг банкка тўлиқ тушиши ҳам ҳар доим аниқ бўлмасди. Ҳозир эса барча жараёнлар шаффоф ва адолатли, бу эса бизга ишонч бағишлайди.

Дарҳақиқат, Андижон шаҳар марказий деҳқон бозоридаги 1024 та савдо растасига QR-кодлар ўрнатилиши ва 42 та интеллектуал камера ишга туширилиши тушумларни тўлиқ назорат қилиш имконини берди. Натижада, жорий йил январь ойида тушумлар 420 миллион 700 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 180 миллион сўмга кўпайди.

Бундай технологик ечимлар иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, тадбиркорлар учун тенг ва адолатли имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер