Амир Темур мероси ёшлар тарбиясида муҳим омил

14:48 17 Апрель 2026 Жамият
104 0

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят Ахборот-кутубхона марказида «Амир Темур ойлиги» ва «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда олимлар, шоир ва ёзувчилар, турли соҳалар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этдилар. Тадбирни марказ директори Гулнорахон Исмоилова очиб, юртимизда китобхонликни ривожлантириш, мутолаа маданиятини юксалтириш ва аждодлар меросини ўрганишга қаратилган ишлар кенг кўламда олиб борилаётганини таъкидлади.

— Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, буюк аждодларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёшларни билимли ва маънавиятли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор берилмоқда, — дейди Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳудудий бўлими раҳбари, доцент Ҳабиб Сиддиқ. — Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ҳам ана шу эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильмни томоша қилиб, Темур ва Темурийлар даврига оид илмий ва бадиий адабиётлар кўргазмаси билан танишдилар. Якунда фонд томонидан нашр этилган китоблар тақдим этилди ва марказ раҳбарига Амир Темур бюсти топширилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер