Американинг Индиана штати Ўзбекистон билан савдо, сармоявий ва таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда
Фото: Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги
Элчихонадан олинган маълумотга кўра, суҳбат аввалида Америка вакиллари Ўзбекистонда жозибадор сармоявий ва фаровон ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан танишди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги саноатига замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, академик шериклик алоқаларини йўлга қўйиш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Мартин Баернинг таъкидлашича, у раҳбарлик қилаётган марказ ярим аср давомида Индиананинг халқаро алоқалари учун катализатор бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Марказ корхона, ташкилот ва давлат идоралари, шунингдек, университетлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, штатнинг турли дастур ва хизматлар орқали глобал манфаатларини кенгайтираётгани қайд этилди.
Индиана штатида дунёнинг 38 та давлатидан 1000 дан ортиқ хорижий компаниялар фаолият кўрсатмоқда, 30 мингдан ортиқ чет эллик талаба таҳсил олмоқда, ҳудуднинг 30 дан ортиқ шаҳарлари билан халқаро биродарлик алоқалари ўрнатилган. Мартин Баер, шунингдек, Халқаро марказ Индиана штати билан барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда хорижий давлатлар билан муносабатларни таъминлашини билдирди.
Америка вакиллари қишлоқ хўжалиги соҳасини ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида алоҳида таъкидлади. Мартин Баернинг сўзларига кўра, Индиана ерларининг 80 фоизи деҳқончилик ва ўрмон хўжалиги эҳтиёжларига йўналтирилган ва ҳар ўнинчи иш жойи бевосита ушбу соҳа билан боғлиқ. Бундан ташқари, штат ҳар йили 4,6 миллиард доллардан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Индиана халқаро маркази вакиллари қишлоқ хўжалиги соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий эксперт ва компаниялар билан учрашув ва музокаралар ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
Мартин Баер, шунингдек, академик алоқалар ҳамкорликни кенгайтиришнинг яна бир истиқболли йўналишига айланиши мумкинлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Индиана университети билан Ўзбекистондаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни таклиф қилди.
Индиана халқаро маркази раҳбари минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзбекистонлик тадбиркорлар, академик ва ишбилармон доиралар вакилларининг ушбу штатга ташрифини ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, Индиана халқаро маркази 1971 йилда Индиана штатининг корхоналари, давлат идоралари ва таълим муассасаларига халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам беришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Марказ хусусий сектор учун турли дастурлар ва хизматларни таклиф этади. Жумладан, минтақавий офислар очиш, халқаро алоқалар ўрнатиш ва малака ошириш курсларини ташкил этишда ёрдам беради. Бундан ташқари, Халқаро марказ халқ дипломатияси соҳасидаги илғор тажрибани тарғиб қилувчи «Global Ties U.S.» нотижорат ташкилотининг аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти томонидан ҳар йили хорижий давлатлар, жумладан, Ўзбекистон вакиллари учун ташкил қилинадиган «International Visitor Leadership Program» уч ҳафталик алмашинув дастурида иштирок этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг