«Алишер Навоий ва XXI аср» халқаро конференцияси бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Алишер Навоий ва XXI аср» халқаро илмий конференцияси бу йил Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида бўлиб ўтди. Дастлабки етти анжуман Ўзбекистонда ўтказилган бўлса, кейинчалик у том маънода халқаро аҳамият касб этди. 2023 йилда конференция Озарбайжонда, 2024 йилда Туркияда бўлиб ўтган эди. Жорий йилда эса тадбир Қозоғистоннинг Ж.Ташенов номидаги университетида ташкил этилди ва дунёнинг турли давлатларидан олимлар, туркологлар, адабиётшунослар ҳамда ёш тадқиқотчиларни бир жойга тўплади.
Конференциянинг асосий мақсади буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда унинг меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этишдан иборат. Тадбир давомида Навоий ижодининг жаҳон маданиятидаги ўрни, матншунослик ва таржимашунослик масалалари, шунингдек, унинг асарларини замонавий таълим тизимида ўқитиш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.

Анжуманда Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Эрон каби давлатлардан таниқли олимлар иштирок этди. Улар ўз маърузаларида Навоийнинг адабий, фалсафий ва илмий мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун туркий дунё ва жаҳон маданияти учун ноёб манба эканлигини таъкидладилар.
Конференция доирасида академик Шуҳрат Сирожиддинов қаламига мансуб «Амир Алишер» китобининг қозоқ тилига қилинган таржимаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу муҳташам асарни Ж.Ташенов номидаги университет олимаси Ш. Наралиева қозоқ тилига ўгирди. Мазкур асар Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди ва тарихий шахс сифатидаги улуғворлигини акс эттирувчи чуқур илмий-биографик тадқиқот бўлиб, уни қозоқ тилида чоп этиш нафақат қозоқ китобхонлари, балки туркий халқларнинг адабий мероси билан қизиқувчилар учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Конференция доирасида Навоий ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги илмий лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувларга эришилди. Тадбир якунида илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг «Алишер Навоий» медаллари ва фахрий ёрлиқлари тақдим этилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро конференция нафақат ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш, балки туркий халқларнинг маданий алоқаларини мустаҳкамлаш ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг