Алдагани кўзи ожиз яхшими?

18:43 13 Май 2022 Жамият
933 0

Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи Ҳаким Жумаев биринчи гуруҳ ногирони. 43 ёшли кўзи ожиз бу инсоннинг оиласида уч фарзанд вояга етмоқда. Тилидан «Шукр» сўзи тушмайдиган Ҳакимжон болаларини эс-ҳушли, ақлли, оқ билан қорани танийдиган, ҳалол билан ҳаром луқманинг фарқига борадиган кишилар бўлиб вояга етишларини истайди.

Туман кўзи ожизлар махсус кутубхонасига тез-тез бориб, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Худойберди Тўхтабоев сингари адибларимизнинг китобларини қайта-қайта мутолаа қиладиган Ҳакимжон у ёки бу асардаги ижобий қаҳрамонларни болаларига ибрат қилиб кўрсатади. Уларни ҳам китоб ўқишга ундайди.

— Сирасини айтганда, бу ёруғ дунёни кўриш бахтидан мосуво инсон учун китобдан яхшироқ дўст ва сирдош йўқ, — дейди у. — Аммо яшириб нима қилдик, кутубхонамиз жуда абгор аҳволда. Бафуржа ўтириб китоб мутолаа қилишга шароит йўқ. У бундан чамаси 35 йил муқаддам қурилган чўпкори иморатда жойлашганини айтадилар. Зах. Нафасинг қисилади кишининг.

Қоракўл туман кўзи ожизлар махсус кутубхонаси мудири Бобур Ражабовга юзланамиз.

— Кўриб турганингиздек, кутубхонамиз атиги битта хонадан иборат, — дейди мудир. — У ҳам авария ҳолатига келиб қолган. Ваҳоланки, бугунги кун кутубхонаси ўқув зали, китоблар сақланадиган хона, компьютер ва архив хоналаридан иборат бўлиши, замонавий мебеллар билан жиҳозланиши керак.

Мазкур кутубхонанинг 519 нафар аъзоси бор. Мабодо бир пайтнинг ўзида 20 киши келса, уларнинг бир қисми ташқарида навбат кутиши муқаррар.

Чиндан ҳам кўзи ожиз инсонлар одатда китобга айрича меҳр қўйишади.Улар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳуснигул Умарова ана шуларнинг бири.

— Бухоро шаҳридаги 24-махсус мактаб-интернатда таҳсил олганман, — дейди Ҳуснигул. — Дам олиш кунлари уйга қайтганимда, албатта, шу кутубхонага келардим. Китоб ўқирдим. Кутубхона мудири бу ерда бўлмаган адабиётларни ҳам аллақаерлардандир топиб қўлимга тутқазарди. Мактаб- интернатда, қолаверса, мана шу кутубхонада ўқиб-ўрганганларим менга жуда асқатди. Ҳозир Ўзбекистон Миллий университетининг инглиз тили филологияси факультетида таҳсил оляпман. Кутубхонага келсак, у қаровга муҳтож. Кошкийди, замонавий бир бино қуриб берилса...

Айтмоқчи, Бобур Ражабов айнан шу масалада кўплаб ташкилотларга мурожаат қилди. Туман ҳокимлигидан нажот кутди. Аммо натижа бўлмаяпти. Мурожаатларига келган жавобларни ўқиб, булардан ташкилотчи раҳбардан кўра дипломат чиқармиди, деган хаёлга борасан киши. Дейлик, туманнинг аввалги раҳбари Ш. Саломов, туман ҳокими ўринбосарлари Б. Жумаев, Б. Ғайбуллаевнинг жавоб хатларида «2022 йилда туман ҳокимлиги маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан янгидан кутубхона биноси қуриб берилиши кўриб чиқилиши тўғрисида билдирамиз», қабилидаги ажабтовур сўзларни ўқиймиз. Б. Ғайбуллаев имзоси билан келган, 2021 йилнинг 15 ноябрь санаси қўйилган хатда эса «Бугунги кунда кўзи ожизлар бўлими учун кутубхона қуриш бўйича ишлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз», деган сўзлар бор.

Қаранга, кутубхона учун бино қуриш ишлари олиб борилаётган экану, шўрлик мудиру китобхонлар бехабар юришган эканда? Ёки ҳоким ўринбосари алдагани кўзи ожизлар яхши, деб ўйладимикан?!

— Кейинги уч-тўрт йил оралиғида туманимиз маркази таниб бўлмас даражада ўзгарди, — дейди Бобур Ражабов. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан замонавий иншоотлар, турар-жойлар, инфратузилма объектлари қурилди. Бундан туманимиз аҳолиси бениҳоя хурсанд. Кутубхонамизга келсак, унинг аҳволини кўриб кўнглим чўкиб кетади. Ваҳоланки, ер муаммо эмас. Кутубхонага тегишли олти сотих майдон бор. Шу ерда кўзи ожиз инсонлар учун бир замонавий бино қуриб берилса, нур устига аъло нур бўларди.

Дунёдаги бирдан бир овунчи, сирдоши, дўсти китоб бўлган бу инсонларни тушунадиганлар Бухорода топилади, деган умиддамиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер