Актам Хаитов: “Монопол корхоналар ўзи билганича иш қилишни қачон тўхтатади?”
UzAuto Motorsʼнинг нархларни халқ билан маслаҳатлашмай ошириши партия электоратини ҳам, OʻzLiDeP депутатларини ҳам норози қилди.
Ваҳоланки, тараққиётимизнинг янги даврида ҳар бир ташкилот ўз қарорини халқ муҳокамасига қўйишга ўрганди. Ҳаттоки, қонун лойиҳалари ҳам халқ “экспертиза”сидан ўтказилаётгани фикримизга яққол далил. UzAuto Motors эса ана шу янги тенденцияни назар-писанд қилмади. Нархларни ўзи билганича оширди.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан четда қолиб кетяпсизлар, дегувчиларга айтмоқчимиз: OʻzLiDeP сайловолди дастурида монопол корхоналарга қарши курашиш устувор вазифа этиб белгиланган. Партиямиз барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг, ҳалол, адолатли, тизим яратиш тарафдори. Ана шундай демократик-либерал тамойил одамларни ҳам, тадбиркорларни ҳам давлатдан рози бўлиб яшашига замин яратади.
UzAuto Motors яқин орада автомобилларга ўрнатилган янги нархлар бўйича баёнот берди. Очиғини айтсак, улар ўзини нима деб оқлаши, нега айнан “Damas”, “Spark”, “Nexia” каби машиналар нархларида кескин ўзгаришлар бўлганини билиш биз учун ҳам қизиқ эди.
UzAuto Motors қандай баёнот берганидан қатъий назар, бир фикрда қатъиймиз: халқ ва халқ вакиллари – депутатларни ҳурмат қилган ҳар қандай ташкилот нархни оширмасдан олдин буни халқ муҳокамасидан ўтказиши лозим эди.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлган фикримиз қуйидагича: бундан буён OʻzLiDeP ўзи билганча иш қиладиган монопол корхоналарни ўз ҳолига ташлаб қўймайди.
Актам Хаитов,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги OʻzLiDeP
фракцияси раҳбари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг